35 йиллик сиёсий тарих: эҳтиром ва эътироф

 

Жорий йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганига 35 йил тўлиши муносабати билан партия Марказий Кенгашида тантанали тадбир ташкил этилди.

Унда ўтган йиллар давомида партиямиз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муносиб ўрин эгаллагани, ижтимоий давлат тамойилларини қарор топтириш ҳамда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларига салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси У.Иноятов 35 йиллик тарих келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор, бой сиёсий тажриба ва улкан масъулият мактаби эканини қайд этди. Ўз ғоя ва қадриятларимизга содиқ, замон талаблари билан ҳамнафас бўлиб, халқ билан мулоқотни янада кучайтириш, инсон қадрини улуғлаш, имкониятлар тенглигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар қатъият билан давом эттириш лозимлиги билдирилди.

Тадбирлар давомида партия тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик фидокорона меҳнати учун бир гуруҳ фахрий ва фаолларга «Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Ушбу эътироф партиянинг шаклланиши ва ривожланишида ўз меҳнати, билим ва тажрибаси билан из қолдирган, шунингдек, бугунги ижтимоий-сиёсий майдонда партия ғояларини кенг жамоатчиликка етказишда муносиб ҳисса қўшаётганларга юксак ҳурмат ифодаси бўлди.

Очиқ мулоқот тарзидаги тадбирда фахрийлар ўзлари меҳнат қилган йилларни ёдга олиб, жамоа билан ҳамжиҳатликда амалга оширилган ташаббуслар ва эришилган натижалар ҳақида сўзлаб, янги ёш авлод кадрларига тавсиявий насиҳатларини беришди. Фахрийлар ва ёшлар ўртасида доимий мулоқотни янада изчил йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

 

 

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш