Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари партия дастурий мақсадлари ҳамда электорати манфаатларидан келиб чиқиб, атрофлича муҳокама қилинди.
Фитосанитар зарарсизлантириш фаолияти лицензияланишини билан боғлиқ қонун лойиҳасига фракция аъзолари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Депутатларга кўра, лойиҳада фитосанитар хавфсизликни таъминлашга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар бугунги кунда аҳолимиз учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Бироқ, фракциямиз аъзоси Зокиржон Зоҳидов айрим масалаларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Хусусан, лицензиялаш тартиблари орқали кичик фермер хўжаликлари ва маҳаллий тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий тўсиқлар юзага келмаслиги, хизматлар нархининг ошиши оқибатида деҳқонлар манфаатларига зарар етмаслиги, давлат назорати шаффоф, очиқ ва коррупциявий омиллардан холи бўлиши кераклигига тўхталиб ўтди.
Йиғилишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, маъмурий суд иш юритуви халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилмоқда. Бунда дастлабки эшитув, ишончни ҳимоя қилиш каби янги институтлар, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш тартиби амалиётга киритилмоқда. Агар давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида иштирок этмаса, жаримага тортилиши ҳам назарда тутилган.
Кун тартибидан Солиқ кодексига рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш учун ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Лойиҳада асосий эътибор солиқ назоратига, хусусан, “масофавий солиқ текшируви” тушунчасига аниқлик киритиш ва ушбу солиқ текширувини ташкил этиш тартибини соддалаштириш масаласига қаратилган.
Шу ўринда солиқ тўловчи томонидан маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ органининг ахборот тизими орқали аниқланганда ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича икки марта огоҳлантириш берилиши белгиланмоқда. Яъни, мақсад қоида бузилган ҳолатда бирданига жаримага тортиш эмас, балки огоҳлантириш орқали қонун устуворлигини таъминлашга урғу берилмоқда. Агар расмий огоҳлантиришдан кейин ҳам ҳуқуқбузарлик аниқланса, у ҳолда жарима қўллаш назарда тутилмоқда.
Депутатлар ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қонунларда ижтимоий тенглик ва аҳоли манфаатлари доимо устувор бўлиши лозимлиги таъкидланиб, лойиҳалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.