Халқ депутатлари Наманган туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан туманда фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифати, болалар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, соғлом овқатланиш ҳолати ҳамда таълим муассасаларидаги қамров даражаси муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 34 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида ўрганиш олиб борган. Ўрганишларда 22 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд эмаслиги ва 7 та маҳаллаларда қамров 25% фоизгача эканлиги аниқланган.
Бундан ташқари “Чорбоғ” маҳалласидаги 1969 йилда қурилган 31-сонли таълим ташкилоти айрим муаммолар кўзга ташланган. Жумладан, ички ҳожатхона умуман мавжуд эмас, хоналар зах тортиб ҳидланган ҳолатда, кирхона ва кўмирхоналар талаб даражасида эмас, ёзги айвончалар йўқ, тарбияланувчилар учун стол стуллар эскирган, тарбияланувчилар учун хоналар етишмайди. Ҳозирда 70 ўринли бинода 100 нафар болалар тарбияланмоқда.
Шунингдек, “Тўсар” маҳалласидаги 1964 йилда қурилган 34-сонли таълим ташкилотида ҳам ички ҳожатхона мавжуд эмас, хоналар зах тортиб ҳидланган ҳолатда, бино эскирган ҳолатда. Идиш ювиш, кирхона ва кўмирхоналар талаб даражасида эмас, ёзги айвончалар йўқ.
Муассаса 75 ўринга мўлжалланган бўлса-да ҳозирда 95 нафар болалар тарбияланмоқда.
Ушбу таълим даргоҳларидаги муаммолар асосан биноларнинг эскиргани ва мослаштирилгани билан боғлиқ.
Шуларни инобатга олган ҳолда депутатлик гуруҳимиз юқоридаги 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини “Инвестиция дастури”га киритиш орқали янгидан қуриш таклифини билдирди.
Сессияда ўрганилган масала юзасидан депутатлик гуруҳи томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялари инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.