Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Фарғона вилоятида «Тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти — давлат кафолатлари ва аҳоли манфаатлари» мавзусида илмий-амалий форум ташкил этилди.
Унда ҳудудларда бирламчи тиббий ёрдам сифати, туман ва қишлоқлардаги мавжуд муаммолар ҳамда давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматларнинг амалдаги ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Форумда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир фуқаро учун тенг ва очиқ бўлиши, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тиббиёт тизимидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти — ижтимоий адолат ва давлатнинг аҳоли олдидаги муҳим кафолатларидан биридир. Тиббий хизмат сифати ва ундан фойдаланиш имконияти фуқароларнинг яшаш жойи ёки ижтимоий ҳолатига боғлиқ бўлмаслиги керак. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар учун зарур тиббий ёрдамнинг очиқлиги ва кафолатланган хизматларнинг амалда таъминланиши муҳим аҳамиятга эга.
Форумнинг асосий эътибори ҳам инсон қадри, аҳоли саломатлиги ва ҳар бир фуқаро учун муносиб тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалаларига қаратилди.