Асосий мақсад – иш ўрни, даромад манбаи яратиш
Асосий мақсад – иш ўрни, даромад манбаи яратиш

 

Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти ҳам ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур мулоқотда мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим иштирокчисига айланган 1 миллион 200 минг нафарлик бизнес ҳамжамиятига эътибор қаратилди. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот анъанаси бошланганидан буён бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларнинг ечими топилиб, бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилингани қайд этилди. Бу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш масаласи бир марталик кампания эмас, балки изчил ва тизимли сиёсатга айланганини кўрсатади.

Энг муҳими, бу сиёсатнинг бош мақсади тадбиркорга фақат кредит бериш ёки имтиёз яратиш билан чекланиб қолмаяпти. Асосий вазифа — инсонга ўз маҳалласида даромад топиш, янги иш ўринлари яратиш, ўз бизнесини кенгайтириш ва катта корхона даражасига олиб чиқиш имконини беришдир.

Тадбиркорлик муҳитидаги энг муҳим янгиликлардан бири — бизнесни бошлашдан тортиб, уни йирик компанияга айлантиришгача бўлган жараённи қамраб олувчи яхлит экотизим яратилаётганидир.

Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.

Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга туширилгани ҳам тадбиркорлар учун қулайлик яратади. Эндиликда тадбиркор битта ариза тақдим этади, банклар эса мижоз учун рақобат қилади. Янги бизнес бошлаётганлар учун 5 миллиард сўмгача бўлган кредитларни онлайн расмийлаштириш имконияти яратилади.

Кичик тадбиркорлар учун энг оғриқли масалалардан бири — гаров таъминоти. Янги “контр-кафолат” тизими ана шу муаммони енгиллаштиришга қаратилган.

10 миллиард сўмгача бўлган кредитларда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорга эса 25 фоиз гаровни таъминлаш кифоя қилади.

Бундай ёндашув айниқса истиқболли лойиҳаси бор, аммо етарли гаров таъминотига эга бўлмаган тадбиркорлар учун муҳим имкониятдир.

Иқтисодиётни ривожлантиришда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, бўш турган ер майдонлари ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини иқтисодий айланмага киритиш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.

Давлат активини сотиб олишда аванс тўловини 30 фоиздан 15 фоизга тушириш, олти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25 фоиз чегирма бериш, сумманинг ярмини тўлаган тадбиркорга қолган қисмини 7 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятини яратиш режалаштирилган.

Ер сотиб олган тадбиркорнинг қурилишни бошлаши учун зарур ҳужжатларни йиллаб йиғишига барҳам бериш мақсадида ер участкаларини тайёр пакет шаклида савдога чиқариш ҳам муҳим янгиликдир.

Бундай ёндашув бюрократик тўсиқларни қисқартириб, инвестиция жараёнини тезлаштиради.

Технология қанчалик замонавий бўлмасин, уни бошқарадиган, ундан самарали фойдаланадиган мутахассис бўлмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Шу боис юқори технологияли инвестиция лойиҳаларида кадрлар тайёрлаш компоненти бўлиши шартлигига алоҳида урғу берилди. Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ёшларни “яшил” энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилган. Бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Мақсад — 1 миллион нафар ёшни замонавий касбларга ўргатиш ва уларни юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш.

Бу вазифа тадбиркорликни ривожлантириш сиёсати билан бевосита боғлиқ. Зеро, янги корхона ташкил этишдан кўра, уни замонавий технологияларни биладиган малакали мутахассислар билан таъминлаш муҳим.

Бугун Ўзбекистонда тадбиркорга фақат солиқ тўловчи ёки ишлаб чиқарувчи эмас, балки мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим ҳамкори сифатида қаралмоқда.

Мақсад аниқ: тадбиркорга имконият бериш, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳар бир ҳудудда одамларнинг муносиб даромад топиши учун шароит яратиш.

Ўз навбатида Ўзбекистон Халқ демократик партияси тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати иқтисодий ўсиш билан бир қаторда ижтимоий барқарорликка хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Яъни ушбу жараёнда барқарор иш ўринлари ва муносиб даромад манбалари яратилади. Айниқса, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни кенгайтириш ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини доимий ва барқарор даромад манбаи билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода тадбиркорлик мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва янги Ўзбекистон иқтисодий қудратини таъминлайдиган муҳим ҳаракатлантирувчи кучдир.

 

Шокиржон Аҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш