Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ирина Токарева Шайхонтоҳур туманидаги 19-умумтаълим мактабида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, объект ҳолати, белгиланган ишларнинг бажарилиш жараёнини ўрганди ҳамда ўқувчиларни муносиб ва хавфсиз ўқиш шароитлари билан таъминлашга оид масалаларни масъул шахслар билан муҳокама қилди.
115-умумталим мактабида эса муассаса ошхонаси ва тиббиёт пункти фаолияти, овқатланишнинг сифатли ташкил этилиши, ўқувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари билан танишди. Мактабларда касб-ҳунарга йўналтириш ва турли касблар бўйича яратилган имкониятлар ҳам ўрганилди.
Жараёнда депутатимиз туманидаги 412-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар, болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ва овқатланишни ташкил этиш жараёнлари билан танишди.
Ўрганишлар давомида таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ва болалар учун хавфсиз муҳит таъминланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Парламент назорати – бу, аввало, жойларда бевосита мулоқот, фарзандларимиз ўқийдиган шароитларга эътибор ва уларнинг келажаги учун ҳар куни меҳнат қилаётганларни қўллаб-қувватлашдир.