Олтиариқда аҳоли бандлигини таъминлаш ва инклюзив таълим олиш имкониятлари бўйича яратилган имкониятлар таҳлил қилинди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шокиржон Аҳмедов томонидан маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти ўрганилди.

Жараёнда “ижтимоий реестр”га киритилган оилалар ва ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлаш, уларни даромадли меҳнатга жалб этиш ҳамда оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар ижроси муҳокама қилинди.

Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, ажратилаётган кредит, субсидия ва бошқа молиявий кўмаклар ҳисобига қанча фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлаётгани, яратилган иш ўринларининг барқарорлиги ҳамда лойиҳаларнинг амалий самараси таҳлил қилинди.

Туман маҳаллалари кесимида “маҳалла еттилиги” томонидан эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш, меҳнат миграциясидаги фуқаролар оилаларининг ҳолати, ишсиз аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш ҳамда микролойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, 1-сонли умумтаълим мактабида инклюзив таълимни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилди. Хусусан, алоҳида таълим эҳтиёжига эга болаларнинг сифатли таълим олиши, мактаб биносида эркин ҳаракатланиши ва зарур шароитлардан фойдаланиши, жумладан, мактабда пандус йўлаклари барпо этилгани, алоҳида синф хонаси ҳамда гигиена хонаси ташкил этилгани, инклюзив таълим учун зарур махсус жиҳозлар билан таъминлангани қайд этилди.

Бу каби лойиҳалар ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш