Оролбўйида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини оширишда инновацион ечимлар муҳокама қилинди

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиямиз Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари Оролбўйи халқаро инновация марказида бўлиб, инновацион марказ фаолияти ҳамда камбағалликни қисқартиришда замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларидан фойдаланиш бўйича тақдимот билан танишишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси, Марказ директори Бахитжан Хабибуллаев «Оролбўйи минтақасида камбағалликни қисқартиришда аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг инновацион ечимлари» мавзусида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, шўрланган ер ва сув танқидчилиги шароитига мослашган, қурғоқчиликка чидамли экин турлари синовдан ўтказилиб, томорқалардан самарали фойдаланиш ва уй шароитида кам харажат эвазига юқори даромад олиш имконини берувчи замонавий агротехник ечимлар татбиқ этилмоқда.

Инновацион марказ томонидан эҳтиёжманд ва кам даромадли хонадонларга сертификатланган уруғликлар бепул тарқатилмоқда. Бу чора-тадбирлар томорқа майдонларидан оқилона фойдаланиш ва оилаларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Тақдимотда Б.Хабибуллаев 7 та устувор таклифни илгари сурди:

- Ҳар бир маҳаллада инновацион намунали томорқалар ташкил этиш;

- Иқлимга мос агротехнологияларни оммавий жорий қилиш;

- Генбанк ва биотехнологиялар асосида янги навларни кенгайтириш;

- Хотин-қизлар ва ёшлар учун «яшил» тадбиркорликни ривожлантириш;

- Рақамли агромаслаҳат хизматларини йўлга қўйиш;

- Халқаро инвестициялар ва грантларни кенг жалб қилиш;

- Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш.

Муҳокамаларда камбағалликни қисқартириш доирасида инновацион агротехнологияларнинг жорий этилиши ва уларнинг самарадорлиги устидан тизимли депутатлик назоратини йўлга қўйиш ва мавжуд муаммоларни ўрганиб, тегишли масъул ташкилотларга депутатлик сўровларини киритиб бориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш