Тошкент вилоятида куз-қиш мавсумига масалалари муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, аҳолини узлуксиз электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва кўмир билан таъминлаш, шунингдек, коммунал инфратузилмадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, коммунал соҳага масъул ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Семинарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик фақат техник ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш билан чекланмаслиги, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган коммунал хизматлар сифати ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Партия депутатлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар ҳам соҳада муайян ишлар амалга оширилгани билан бирга, айрим йўналишларда ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатди.

Жумладан, кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида вилоят бўйича 242 та уйнинг том қисми, 538 та кириш йўлаги, 368 та электр шити ҳамда 118 та ертўладаги муҳандислик тармоқлари таъмирланиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилган. Газ таъминоти йўналишида вилоятда газ қувурлари таъмирланган, марказлашган 2 та қозонхонада мукаммал, яна 17 та қозонхонада жорий таъмирлаш ишлари бажарилган.

Бироқ кўмир таъминоти бўйича ўрганишлар қатор ҳудудларда муаммолар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, ўрганиш ўтказилган вақтда вилоят бўйича кўмир билан таъминланиш даражаси атиги 53 фоизни ташкил этган. Айрим туманларда бу кўрсаткич янада паст бўлган, масалан, Бўка туманида 34 фоиз, Пискент туманида 42 фоиз, Паркент туманида эса 44 фоизни ташкил этган.

Бу рақамлар, айниқса, марказлашган иситиш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан ўз вақтида таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.

Семинар давомида ушбу муаммоларнинг сабаблари, уларни бартараф этиш механизмлари масъул идоралар вакиллари билан атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий семинар якунида коммунал хизматлар сифатини ошириш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни жойида ўрганиш, аниқланган муаммолар юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш