Депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди

 

Андижонда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши томонидан маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятига бағишланган депутатлар форуми ўтказилди.

Унда депутатлик гуруҳларининг сиёсий ташаббускорлигини ошириш, партия дастурий мақсадларини амалга ошириш ва сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишдаги масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўтган даврда амалга оширилган ишлар, мавжуд имкониятлар ва фойдаланилмаётган депутатлик ваколатлари таҳлил этилди.

Форумда таъкидланганидек, партия депутатлари фаолияти сессияларда иштирок этиш ёки таклифлар билдириш билангина чекланмаслиги керак. Улар ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ўрганиб, Кенгаш муҳокамасига олиб чиқиши, масъул ташкилотлардан аниқ ечим ва натижа талаб қилиши лозим. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Муҳокамаларда депутатлик гуруҳлари фаолиятини тизимли ташкил этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, Кенгаш сессиялари олдидан ҳудудлардаги муаммолар ва аҳоли мурожаатларини қамраб олган «Савол ва дастур» карталарини ишлаб чиқиш, депутатлик ташаббуслари ижросини мониторинг қилиш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Депутатларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ва уларнинг ташаббусларини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда изчил ёритиб бориш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Ўзбекистон ХДП позициясига кўра, депутатлик фаолиятининг самарадорлиги билдирилган таклифлар ёки ўтказилган учрашувлар сони билан эмас, балки аҳоли муаммоларининг ҳал этилиши, партия ташаббусларининг қарорлар қабул қилинишига таъсири ва улар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатилиши билан баҳоланиши керак.

Форум якунида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш, партиявий назорат самарадорлигини ошириш ва сайловчилар билан тизимли мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган амалий вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш