Бизнинг позициямиз аниқ: фуқароларнинг уй-жой сотиб олиш учун йўналтирган ҳар бир маблағи қонун билан ҳимояланиши шарт. Ҳеч ким бир неча йиллик меҳнати ва жамғармаси даражасида алданмаслиги, уй-жойсиз ёки маблағсиз қолмаслиги керак. Қурилиш бозорида тартиб бўлиши шарт.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида бу борадаги тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича эскроу тизимини жорий этиш масаласи қўйилганди. Бугун шундай қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги узоқ муҳокамалардан сўнг депутатлар томонидан маъқулланиб, Сенатга юборилди.
Қонунда девелопер ва қурувчиларнинг фаолияти, лойиҳаларнинг молиявий асослари ва улушдорлар маблағларидан фойдаланиш устидан самарали назорат ўрнатилиши назарда тутилган. Энди фуқароларнинг кўп квартирали уй-жой харид қилишга, яъни қуришга йўналтирган маблағи қонун билан қатъий ҳимоя қилинади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.