Мустақиллигимизнинг қутлуғ 35 йиллик айёми арафасида ҳудудларда, ҳар бир маҳаллада рўй бераётган янгиланишлар ва бунёдкорлик руҳи ҳар биримизга ўзгача кўтаринкилик бағишламоқда. Кенг қамровли инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий трансформация жараёнлари Ватанимиз тараққиётида, айтиш мумкинки, янги тарихимизда муҳташам саҳифаларни очиб бормоқда.
Ислоҳотлар суръати ва кўлами жадаллашган мана шундай масъулиятли даврда Ўзбекистон Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи тарихий аҳамият касб этмоқда. Ҳудудда амалга оширилаётган, бошланаётган улкан лойиҳалар стратегик ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда туб бурилиш нуқтаси бўлиши, шубҳасиз.
Охирги тўққиз йилда Хоразм вилояти иқтисодиётига 7,5 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб этилгани ишлаб чиқариш кучларини модернизация қилиш имконини берди. Натижада вилоятда ишсизлик ва камбағаллик даражаси икки баробарга қисқарди.
Ёшларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос равишда касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг кафолатланган иш ўринларига эга бўлиши ижтимоий сиёсатнинг марказида туради. Урганч шаҳрида барпо этилган Илғор касбий маҳорат техникуми ва «Касблар шаҳарчаси» меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини таъминлашга қаратилган прагматик қадамдир. «Ўзинг ясаб кўр» тамойили асосида транспорт, логистика, қурилиш ва «яшил» энергетика соҳаларида мутахассислар тайёрлаш тизими соҳа корхоналари билан тўғридан-тўғри кластер усулида боғланган. Бу эса ёшларнинг ижтимоий мобиллигини ошириб, битирувчиларнинг меҳнат бозорига тез ва самарали интеграциялашувини таъминлайди.
Инфратузилмавий ривожланиш нуқтаи назаридан, Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида 11 километрлик янги темир йўл тармоғининг фойдаланишга топширилиши транспорт логистикасини мақбуллаштириб, қатнов вақтини қисқартиради. Ушбу тизим йилига 650 минг йўловчига хизмат кўрсатиш орқали аҳолининг ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди, маданий-иқтисодий алоқаларни енгиллаштиради ва туризм соҳасида қўшимча бандликни рағбатлантиради.
Шу билан бирга, Урганч аэропортини кенгайтириш учун давлат-хусусий шериклик механизми асосида 264 миллион доллар миқдорида сармоя ажратилиши ҳамда Жанубий Корея компаниясининг жалб этилиши ҳудуднинг хаб ва транзит салоҳиятини оширади. Халқаро авиақатновлар географиясининг кенгайиши вилоят иқтисодиётига бевосита хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириб, кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бугун Хоразм воҳасида амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар фақатгина инфратузилмани янгилаш эмас, балки аҳолининг ижтимоий фаровонлиги ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган тизимли давлат сиёсатининг амалий натижасидир. Бу жараёнлар жамиятимизда ижтимоий бирдамлик, давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ишонч мезонларини янада мустаҳкамлайди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида вилоятда нуфузли халқаро анжуманлар, маданий-гуманитар ва иқтисодий саммитларни юқори даражада ўтказишга мўлжалланган замонавий инфратузилма объектларининг барпо этилиши Хоразмнинг тарихий-маданий ва туристик капиталини жаҳон миқёсида кенг намоён этишга, ҳудудий сервис ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасига инвестициялар оқимини оширишга кенг йўл очади. Бу каби улуғвор ўзгаришлар Хоразмнинг азалий бунёдкорлик салоҳиятига ҳар томонлама муносиб бўлибди. Умид қиламизки, Урганч ва Хива каби шаҳарларимиз минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиб, юксак натижаларга эришади.
Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун энг муҳим ижтимоий ва сиёсий қадрият инсон капиталини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлаш, ҳар бир оиланинг барқарор ва муносиб даромад манбаига эга бўлишини таъминлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, Хоразмда фойдаланишга топширилаётган стратегик лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлигига бевосита ва билвосита ижобий таъсир кўрсатаётгани билан, айниқса, аҳамиятли, бу ижтимоий тенг имкониятлар тамойилларининг реал ҳаётдаги амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар ва иқтисодиётнинг реал сектори вакиллари билан мунтазам равишда ўтказиб келаётган очиқ мулоқотлари мамлакатимизда бизнес муҳитини мақбуллаштириш ва ишчанлик фаоллигини оширишда қудратли катализатор вазифасини ўтамоқда. Давлат ва бизнес ўртасидаги бундай конструктив мулоқот тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳамда иқтисодий кафолатларини мустаҳкамлаб, инвестицион муҳит жозибадорлигини оширмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг жадал ривожланиши макроиқтисодий кўрсаткичлар ёки ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини таъминлабгина қолмай, фундаментал ижтимоий вазифаларни самарали ҳал этади. Энг асосий ва эзгу мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағаллик омилларини қисқартириш ҳамда барқарор даромад манбаларини шакллантириш ҳисобланади. Меҳнат бозори ва хусусий сектор интеграцияси оилаларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаб, ижтимоий барқарорликнинг энг мустаҳкам кафолатига айланади.
Хоразмда бўлиб ўтган бу галги очиқ мулоқотда ҳам жуда муҳим масалалар муҳокама этилди, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилиб, долзарб вазифалар белгиланди.
Партиямизнинг сиёсий ғояларига мувофиқ, бизнесда ижтимоий масъулият бўлиши принципиал аҳамиятга эга. Шу маънода мулоқотда ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқлигига эътибор қаратилди. Ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилиб, уларда кадр тайёрлаш компоненти бўлиши шартлиги таъкидланди. Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб, халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилиши, шу тизим орқали 1 миллион ёшларни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилингани билдирилди.
Ишонамизки, бу галги мулоқотда илгари сурилган ташаббуслар рўёбга чиқиши нафақат иқтисодиётимизни юксалтиришга, асосийси, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қўшимча шароит ва имконият яратади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бундан кейин ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар самарали ижро этилиши, ёшларнинг ҳунарли бўлиши, фуқароларнинг муносиб иш билан таъминланиши йўлида барча куч ҳамда имкониятларини сафарбар этади.
Нафақат Хоразмдаги, юртимизнинг барча ҳудудларидаги бунёдкорликлар халқимизнинг муқаддас байрамига муносиб туҳфа бўлмоқда. Машаққатли меҳнат, Она ватанга муҳаббат билан эришилаётган ютуқ ва натижаларнинг қадрига етиб, ўзаро ишонч ва бирдамлик руҳида фаолият юритиш барчамизнинг бурчимиздир.
Янги тарихимизнинг зарварақлари хайрли ва улуғвор ишлар билан безалаверсин!
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.