Жарқўрғон туман Кенгашидаги депутатларимиз Ч.Юсупов ва А.Тошпўлатов тумандаги “Олтинтепа” маҳалласида бўлиб, янги қурилган оилавий шифокорлик пункти ва 13-сонли мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш жараёнлари билан танишди.
Даставвал, маҳаллада янги барпо этилган шифокорлик пунктининг фаолияти кўздан кечирилди. Ушбу муассасанинг кунлик қуввати 200 дан ортиқ аҳолига сифатли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Бинонинг жиҳозланиши ва дори-дармон таъминоти депутатлар томонидан ижобий баҳоланди. Шу ўринда шифокор ҳамда ҳамшира штатлари етарлича эмаслиги аниқланиб, бу юзасидан масъул идораларга керакли тавсиялар берилди.
Шунингдек, ҳудуддаги Олтинтепа кўчасининг 1 километр қисми таъмирталаблиги юзасидан масъул раҳбарларга депутатлик сўрови юборилиши белгилаб олинди.
Депутатлар маҳалладаги тубдан янгилаш ишлари олиб борилаётган 13-сонли мактабгача таълим ташкилотини ҳам кўздан кечиришди. Ҳозирда эски биноларни бузиш ва майдонни тайёрлаш жараёни кетмоқда.
Маълумот учун: Мазкур объект тўлиқ қайта қурилгач қамров 2 бараварга ошади. Депутатлар қурилишнинг сифатли ва белгиланган лойиҳа асосида олиб борилиши юзасидан доимий назорат олиб боришга қарор қилишди.