Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи Бухорода танқидий муҳокама этилди

 

Халқ демократик партияси ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш жамиятда ижтимоий бирдамликни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга масала, деб ҳисоблайди.

Партиямиз депутатлари ва фаоллар давлат томонидан ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини Бухоро вилояти мисолида ўрганиб, таҳлилий маълумотнома тайёрлади. Унда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмининг амалий ҳолати, мавжуд муаммолар ва тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар юзасидан таҳлилий хулосалар бор.

Ўрганиш натижаларига бағишлаб “Ёш оилаларга давлат ёрдами тизими: амалий натижалар ва муаммолар” мавзусида жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Эшитувда вилоятдаги масъул идоралар мутасаддиларининг ахборотлари эшитилди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида 11 фоиз ёш оилаларда уй-жой муаммоси мавжуд. Бунга сабаб сифатида шаҳарда уй-жой қимматлиги учун ёш оилаларга ажратиладиган амалдаги субсидия миқдори уйларнинг бошланғич бадалини тўлашга етмаслиги айтилди. Шу боис субсидиялар миқдорини ошириш зарурати пайдо бўлган. Шунингдек, Ғиждувон ва Вобкент туманларида 12 фоиз ёш оилаларда уй-жойга эҳтиёж бор. Бундан ташқари, Қоракўл, Олот ва Жондор туманларидаги ёш оилалар вакилларининг 22 фоизи ишсиз эканлиги аниқланган.

Йиғилганлар уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун айрим олис туманларда субсидияга иккиламчи бозорда уй харид қилишга ҳам рухсат бериш, ишсизлик юқори ҳудудларда ёшларга ер майдони ажратиш тартибини соддалаштириш ҳамда деҳқончилик ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун паст фоизли “стартап кредитлар”ни жорий этиш ҳақида таклифлар билдиришди.

Халқ демократик партияси депутатлари ахборот ва таклифларни эшитиб, ўз позицияларини маълум қилди. Савол-жавоб асосидаги муҳокамалардан сўнг халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Четроқ туманларда субсидияларни фақат янги уй-жойларга эмас, балки якка тартибдаги уй қуриш ишларига ҳам йўналтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Кўп қаватли уйлар қурилмайдиган ҳудудлардаги ёш оилаларнинг айнан шу шаклдаги қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи юқори бўлади. Жамоатчилик эшитувининг яна бир натижаси сифатида бу таклиф парламентдаги фракциямизга республика даражасида ўрганиб чиқиш учун юбориладиган бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш