Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш — долзарб масала. Президентимиз раислигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар сарҳисоб қилиниб, 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди.
Аҳолини рози қилиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ушбу йўналишида барча зарур молиявий ва ташкилий масалалар ҳал этилган. Айниқса, жорий йилда мамлакатимизда илк бор 1435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани ҳақидаги маълумот барчани қувонтирди. Бу, аввало, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигидан далолат беради. Мазкур маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва даромад манбаларини кўпайтириш бўйича амалга оширилган ишлар ўз натижасини берган.
Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам ижобий тенденцияни кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан буён ишсизлик даражаси 4,9 фоизга тушди. Ўтган йилда бу кўрсаткич 5,5 фоизни ташкил этган эди. Бу эса, янги иш ўринлари яратилаётгани, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарали рўёбга чиқарилаётганини билдиради.
Видеоселектор йиғилишида 2026 йил учун камбағалликни янада қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бунинг натижасида маҳаллаларда аҳолининг реал даромадлари сезиларли даражада оширилади. Ишсизлик даражаси янада пасайтирилади. Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади.
Яна бир муҳим масала. 2026 йилдаги энг катта янгиликлардан бири — маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун вилоятларга 20 триллион сўм маблағнинг бевосита ажратилиши бўлади. Бу, аввало, маҳаллий бошқарув органларининг ташаббускорлигини рағбатлантириш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда инфратузилмани яхшилашга қаратилган.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу маблағлар барча туманларга тенг тақсимланмайди. Мақсад — самарали ва натижага йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштиришдир. Бундан ташқари, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3-5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Бу эса, ушбу ҳудудларда туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳолининг даромадларини оширишга хизмат қилади.
Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 40 минг фуқарони иш билан таъминлашга қаратилган “Тенг имкон — инклюзив бандлик” лойиҳаси ишга туширилади. Бу лойиҳа доирасида Бандлик жамғармаси томонидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссудалар ажратилади. Бу эса ногиронлиги бўлган инсонларнинг жамиятда фаол иштирок этиши ва ўзларини даромади бор шахслар сифатида кўриши учун муҳим имконият яратади.
Таъкидлаш жоиз, “соя”даги иш ўринларини легаллаштириш — асосий мақсадлардан бири. Мазкур масала юзасидан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ва солиқ инспекторлари тушунтириш ишларини олиб боради. Манзилли ишларни ташкил этиш орқали келаси йилда камида 250 мингта ходимни расмий иш ўринларига жалб этиш режалаштирилган.
Бу эса мамлакатнинг солиқ базасини кенгайтиришга ва иқтисодий ўсишга салмоқли ҳисса қўшади. Ижтимоий суғурта тизимидаги янгилик – хусусий сектор ходимлари учун катта туртки. Яқинда имзоланган фармонга мувофиқ, хусусий секторда фаолият юритаётган ишчиларга ҳам касаллик ва декрет пуллари давлат томонидан тўлаб берилади. Бу эса соядан чиқиб, расмий иш жойларида ишлашни рағбатлантирадиган муҳим механизм бўлиб хизмат қилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вилоят ҳокимларига ҳам бу борада топширилган вазифаларга ҳам тўхталиш жоиз. Келгуси йилда 100 минг, 2027 йилда эса яна 200 минг иш ўрнини соядан чиқариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вилоят ҳокимларига жиддий вазифалар юклатилди. Бу мақсадларга эришишда янги тизимни самарали ишга солиш муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, белгиланган вазифаларнинг ижросини назорат қилиш учун махсус онлайн платформа ишга туширилади. Бу платформа маҳаллалардаги фуқароларнинг пулнинг қаердан келиши, қандай ўзгаришлар бўлиши, нечта иш ўрни яратилиб, қанча оиланинг даромади ошиши каби саволларига жавоб беради. Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла аҳолисининг бундай маълумотлардан хабардор бўлиши, ўзгаришларни сезиши ва ишонч ҳосил қилиши лозим.
Умуман олганда, амалга ошириладиган кенг кўламли чора-тадбирлар Ўзбекистонда бандликни ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва иқтисодиётнинг соядан чиқишига олиб келади. Бу эса фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига туртки бўлади.
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.