
Кеча партиямиз Самарқанд вилояти кенгаши фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлар ва масъул идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Каттақўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, мавжуд вазиятни атрофлича ўрганди.
Ишчи гуруҳ 21-МТТда вазият мутлақо қониқарсиз, деган хулосага келди. Бунга сабаб қилиб қатор муаммоларни кўрсатиш мумкин. Масалан, аутсорсинг хизматининг талаб даражасида эмаслиги, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида бирорта расмий ҳужжат йўқлиги, ошпаз томонидан кунлик таомнома тузилмаганлиги, санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмагани, ҳожатхонадаги вазият жуда ачинарли бўлиб, қўл ювиш жиҳозлари бутунлай яроқсиз ҳолга келган.
Бундан ташқари, муассасада табиий газ йўқ. Шу сабабли ошпаз болаларга овқатни ташқарида ўчоққа ўт ёқиб тайёрлар экан.
Шунингдек, 61-МТТда ҳам бир қатор муаммолар борлиги аниқланган. Бу масканда ҳам аутсорсинг хизмати қониқарли эмас. Шу куни муассаса мудираси ўқишда, ҳамшира эса меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли, ишчи гуруҳига болалар саломатлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши борасида ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмаган.