
Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланиши барча соҳада ижтимоий мезонлар устуворлигини таъминлаш жараёнини жадаллаштирди. Бунда фақат кўмакка муҳтож қатлам вакилларига меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш эмас, балки жойларда ижтимоий инфратузилмаларни яхшилаш, таълим, тиббиёт, уй-жой, коммунал хизматлари, йўлсозлик каби долзарб масалаларда ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг бандлик кўрсаткичларини ошириш, ишсиз фуқароларни кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка жалб қилиш чора-тадбирларида ҳам суръат ва қамров янги босқичга чиқди.
Шахсан мени қувонтирадиган жиҳат шуки, ижтимоий ислоҳотларда тадбиркорларимиз иштироки ва улуши сезиларли ўсиб бормоқда. Ижтимоий масъулиятли бизнес шаклланмоқда. Бу эса ижтимоий давлатга хос бўлган муҳим белгилардан биридир.
Тадбиркорларимиз эҳтиёжманд ҳамюртларимизга хайр-у саховат кўрсатиш ишларида бош бўлиш баробарида ана шундай фуқаролар учун иш ўринлари яратиш, шу орқали уларни камбағалликдан олиб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий мажбуриятларни бажаришда давлатнинг потенциал шеригига айланмоқда. Таълим, тиббиёт, атроф-муҳитни асраш сингари йўналишларда салмоқли ижтимоий лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлмоқда.
Мисол учун, давлат раҳбарининг 8 майдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ҳудудларимизда қатор ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил якунига қадар 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг барқарор бандлиги ва муносиб даромад топишини таъминлаш кўзда тутилганининг ўзи инсонпарвар ижтимоий сиёсатнинг ёрқин тасдиғи. Аҳамиятлиси, ишлаш ва жамиятда ўз ўрнини топиш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаган тадбиркорлар учун имтиёзлар берилди. Яъни, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди. Биргина ногиронлиги бўлган шахслар эмас, умуман, ёшлар, хотин-қизлар, Камбағал оилалар реестрига киритилган аҳоли вакиллари бандлигини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун молиявий рағбатлантириш тизимининг яратилиши мулкдорлар синфида ижтимоий масъулиятнинг ортишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб, дейдилар. Шу маънода, фикрим исботини узоқдан эмас, ўз корхонам фаолияти мисолида келтирсам.
Мактаб ва боғчалар, спорт мактаблари, турли жамоалар, ҳаваскор ва профессионал спортчилар учун энг сифатли инвентарларни, давлат ва жамоат ташкилотлари учун мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамизда 200 нафардан ортиқ киши иш билан банд. Самарқанд туманидаги Қурилиш ва ҳунармандчилик техникуми билан битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилиб келамиз. Корхонамиз ишчиларининг асосий қисми ушбу ўқув масканини битирган ёшлардан иборат эканини айтишим керак. Бу ёшлар ўз меҳнати ва тажрибаси билан даромад топмоқда, рўзғорини обод қилмоқда, корхонамиз ривожига ҳисса қўшмоқда. Ёшлар учун, айниқса, уюшмаган, ишсиз йигит-қизлар учун яна янги иш жойларини очиш бизнинг диққат-марказимиздаги масала.
Ишончим комил, аҳолининг асосий қатлами бўлган ёшларнинг, ижтимоий кўмакка муҳтож юзлаб опа-сингилларимизнинг, камбағалликдан чиқиш умидидаги оилалар аъзоларининг бандлигини оширишга интилаётган тадбиркорлик субъектлари юртимизда, хусусан, Самарқанд вилоятининг ўзида мингларча рақамни ташкил қилади. Депутат сифатида жойларда бўлганимда, аҳоли билан мулоқот ва ўрганиш ишларини олиб борганимда бунинг айни ҳақиқат эканига жуда кўп бора иқрор бўламан.
Юртимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг натижадорлиги тадбиркорларимизда дахлдорлик, фидойилик, инсонийлик негизига асосланган ижтимоий масъулиятнинг ортишига чамбарчас боғлиқдир.
Ўктам САИДМУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,
“Стеклопластик” МЧЖ раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 15.10.2025, №41