Барқарор даромад манбаларини кўпайтириш, иқтисодиётнинг мунтазам ўсишига эришиш, камбағаллик сабабларини бартараф этиш бўйича юртимизда муҳим дастур ва лойиҳалар амалга ошириляпти.
Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш, фаровонликка интилиш масалаларида илмий ёндашувларни кенгайтириш, таҳлиллар асосида янги таклиф ва ташаббусларни шакллантириш долзарб вазифага айланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ислоҳотларнинг самарадор бўлиши, ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар илмий асосланган ва тизимли бўлиши учун мунтазам равишда илмий доира вакиллари, соҳа мутахассислари иштирокида мулоқот ўтказиб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларини атрофлича таҳлил қилиб келмоқда.
Бугун Самарқанд шаҳрида “Камбағалликдан фаровонлик сари: партиявий ёндашув ва амалий ташаббуслар” мавзусига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бу борада муҳим платформага айланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов конференцияни очаркан, бир оила камбағаллигининг битта эмас, бир нечта сабаблари бўлишини, шу оила барқарорликка эришиши учун ҳар бир сабабни алоҳида ўрганиш талаб этилишини, бунда халқаро тажриба ва тадқиқотлар муҳим эканлигини таъкидлади.
Халқ демократик партияси камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ҳар томонлама ривожлантириш, ҳар бир инсонга шароит ва имконият беришдек эзгу ҳаракат ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани, белгиланган мақсадларга эришиш партиянинг устувор сиёсий мақсади экани билдирилди.
Конференция ишида камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Илмий-амалий анжуманда камбағалликни қисқартириш бўйича давлат ва партия сиёсати самарадорлиги, ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар натижалари, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб- қувватлашнинг янги механизмлари, фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш омиллари, илмий жамоатчилик ва фуқаролик институтларининг бу жараёндаги ўрни каби мавзуларда 20 дан ортиқ илмий мақолалар тақдим этилган.
Очиқ ва қизғин руҳда кечган анжуманда олий таълим муассасалари олимлари, амалиётчи экспертлар, парламент қуйи палатаси аъзолари, турли вазирлик-идоралар вакиллари ўзаро фикр алмашди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари: Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ёндашуви ва амалий ташаббуслари” мавзусидаги чиқишда қонунчиликда эришилган натижалар, устувор дастурий мақсадлар ва амалий ташаббуслар очиб берилди.
Конференция якунларига кўра, камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Илмий-амалий асосланган хулосалар партия дастурлари ва давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Илмий жамоатчилик ва сиёсий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича йўл хариталари шакллантирилади.
Бундай илмий анжуманларда илмий-назарий жиҳатдан асосланган хулосалар партия дастурлари ва давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши табиий.