Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ педагоглар, масъул мутасаддилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқотда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясидаги нутқида илгари сурилган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилдики, нутқда мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон капиталини ривожлантириш устувор вазифа экани баён қилинди.
Учрашувда юртимиздаги ислоҳотларни халқаро ҳамжамият, нуфузли ташкилотлар ҳам тан олиб, эътироф этаётгани барчамизни қувонтириши таъкидланди.
Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани Ўзбекистоннинг бу йўналишда реал ва муҳим натижаларга эришаётганини кўрсатади.
Таълим сифатини оширишда ўқитувчи ва мураббийларнинг фидойилиги, илғор педагогик билим ва технологияларни қўллай олиши долзарб аҳамиятга эга экани хусусида фикр-мулоҳазалар айтилди.
Мулоқотда педагоглар нутқда илгари сурилган педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш борасида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлашларини қайд этишди.
Тумандаги 14-мактаб директори Замира Жабборова, 26-мактаб директори Юлдуз Абдураҳмонова, туман илк ривожланиш маркази координатори Замира Зоҳидовалар сўзга чиқиб, таълим тараққиёти билан боғлиқ фикр ҳамда таклифларини билдирди.