Халқ демократик партияси аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, меҳнат қилиш, ўз ишини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёллар орасида бандлик даражасини кўтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Партиямиз ҳамкор ташкилотлар билан бирга аёлларни қўллаб-қувватлаш йўналишида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Бухоро вилоят кенгаши Бухоро шаҳар касбий кўникмалар маркази ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий фаоллик интилувчан аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Имкон” форумини ўтказди.
Форумни ўтказишдан мақсад ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган аёлларни рағбатлантириш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш, молиявий саводхонликни оширишдан иборатдир.
Форум доирасида фаол хотин-қизлар ўзларининг ғоя ва ташаббуслари, лойиҳаларини тақдим этишди. Ҳар бир иштирокчининг тақдимотида креативлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга интилиш акс этди.
Асосли ва ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори лойиҳаларни ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга ошириш, ҳунар ўрганиш, ўз ишини йўлга қўйиш истагидаги опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, молиявий саводхонликни ошириш, меҳнат ҳуқуқи бўйича хабардорликни кўтаришга хизмат қиладиган тадбирларни маҳаллалар кесимида кўпроқ ташкил этиш бўйича чоралар белгиланди.