Болалар ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда

 

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси ўрин олган эди. Жумладан, депутатлар болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштиришга қаратилган лойиҳани иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокамадан ўтказишди.

Қонунда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, уларнинг оила муҳитида тарбияланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш тизимини такомиллаштириш мақсад қилинган.

Масалан, қонун билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш ёки тутинган ота-она бўлиш истагини билдирган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи марта давлат фуқаролик хизматига кираётган етим қолган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз, тайинлаш орқали қабул қилинади.

Бундан ташқари қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Йиғилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган 1758-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги лойиҳа 1-ўқишда муҳокама қилинди.

Лойиҳада комплекс экспертизадан ўтказишдан озод этилмаган давлат харидларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириш мансабдор шахсларни базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жаримага тортишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Мажлисда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими янада такомиллаштиришга қаратилган қонун иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Унда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юргани учун жавобгарликка тортилган шахс худди шу ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача жаримага тортилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ов қилиш, касбий фаолият, спорт фаолиятида, хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ёки ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида жамоат жойларида олиб юргани учун жавобгарликка тортилган шахс шу ҳуқуқбузарликни бир йил давомида яна содир этса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари кун тартибидаги ҳар бир масалани атрофлича муҳокамадан ўтказиб, ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини қонун ижодкорларига маълум қилиб, якунда тегишли қарорлар қабул қилишди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш