
Кеча Президент Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюрди ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди. Тадбирда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда янги технологияларни ўзлаштириш, хорижий инвесторлар билан эркин мулоқот қилиш учун чет тилларини ўқитиш жуда муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, техникумлардаги хорижий тиллар учун ажратилган соатлар 4 карра кўпайтирилади. Умуман, келгуси йилдан янги рақамли платформа ишга туширилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади. Бир сўз билан айтганда, мактабдаги якуний имтиҳон натижалари билан битирувчилар истаса техникумга ёки олийгоҳга кира оладиган бўлади.
Тадбирда педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди. Масалан:
- янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;
- келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
- келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
- фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланиши белгиланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тадбирда асосий эътибор ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларга муносиб шароит яратиш масаласига қаратилди. Дарҳақиқат, устозлик шарафли вазифа. Уни сидқи-дилдан адо этиш, ёшларга чуқур билим бериш учун уларга барча имкониятларни яратиб беришимиз лозим.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳар бир бўғини, ҳар бир депутати ва масъуллари юртимизда ўқитувчилик мақомини юксалтиришга, уларнинг меҳнатини қадрлашга қаратилган ислоҳот ва ташаббусларни қизғин қўллаб-қувватлайди.
Бадриддин НАСРИЕВ,
ЎзХДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати.