Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти жорий ҳафта ҳам қизғин муҳокамалар билан бошланди. Дастлаб сиёсий партиялар фракцияларида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича кескин баҳс-мунозаралар бўлди. Ўз навбатида Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам қонун ташаббускорларига қатъий позицияларини билдирди. Тортишувлар, эътирозлар асносида қайта кўриб чиқилиши зарур бўлган масалалар белгиланди. Айрим таклифлар кўпчиликнинг қаршилиги билан рад этилди.
Душанба куни партиямиз фракцияси аъзолари анъанавий тарзда таниш хонада жам бўлди. Режага кўра, 10 га яқин қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидлаганимиздек, баъзи масалалар баҳс-мунозараларга бой кечган бўлса, айримларининг «тақдири» осон ҳал этилди.
Қонун лойиҳаси фракциялардан ўтмади
Дастлаб ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати аниқ белгиланмоқда. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига эса ёритиш учун электр энергиясидан беҳуда, хўжасизларча фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига қонунга хилоф равишда уланиб, уларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида белгиланаётган баъзи меъёрлар фракция аъзоларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Хусусан, депутат Қизилгул Қосимова айрим жарималарни ошириш билан боғлиқ нормага эътироз билдирди. Таъкидландики, мазкур масалада қонунга таклиф этилаётган ўзгартириш муаммонинг ечими бўлолмайди ва механизм ишламайди. Шу билан бирга, ундирилган жарималар тўғридан-тўғри давлат бюджетига тушмаслиги ҳам эътирозларни келтириб чиқаради. Депутатга кўра, жарималар миқдори оширилмасдан, ўз ҳолича қолдирилиши ҳақиқатга яқинроқ бўлади.
Фракция аъзолари белгиланган санкцияни ўзгартириш қонуннинг самарадорлигига қай даражада таъсир қилади, деган савол билан мурожаат қилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш эмас, мақсад жамғарма маблағларини кўпайтиришдир, деган шубҳалар ҳам йўқ эмаслиги қайд этилди.
Ташаббускорларга кўра, бир қатор тажрибаларда жарималар миқдорининг оширилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилган. Чунки бугунги статистика ёқилғи-энергетика соҳасида ҳуқуқбузарликка мойиллик ортганини кўрсатади. Масалан, айрим ҳолларда юридик шахслар атайин ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириб, ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу ва бошқа сабаблардан келиб чиқиб, комплекс жавобгарликни қўллаш амалиётини татбиқ этиш зарур. Мақсад одамларни жазолаш эмас, аксинча, жавобгарликни кучайтириш орқали уларни қинғир ишлардан қайтариш эканига урғу берилди.
Изоҳлар, берилган жавоблар депутатларни қониқтирмади. Фракция аъзолари жазоларни эмас, профилактик механизмларни, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш чораларни кучайтириш зарурлиги юзасидан муносабат билдирди. Бир қанча саволларнинг жавоби очиқ қолгани сабабли мазкур лойиҳа палата мажлисига киритилмади.
125 нафар депутат қайтаришни маъқуллади
Энди, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисига эътибор қаратайлик. Кеча бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида қонун лойиҳаларининг айримлари қизғин эътирозларга учради. Масалан, расмий статистика соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси расмий статистика соҳасида маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Aйрим нормаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Хусусан, парламентдаги мухолифат бўлган партиямиз фракцияси қонун лойиҳасида номувофиқликлар борлигини таъкидлади, камчиликларни бартараф қилиш таклифини илгари сурди. Ўз навбатида қонун ташаббускорлари кўтарилган масала юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда муносабатларини билдирди. Қизғин баҳс-мунозаралар якунида қонун лойиҳаси маромига етказилиши учун масъул қўмитага қайтарилди.
Автомобиль йўлларини режалаштириш зарурати
Ҳа, тўғри ўқидингиз. Бугунги замон талабларидан бири айнан автомобил йўлларини режалаштириш механизмини амалиётга жорий этишни талаб қилмоқда. Гап шундаки, йўл инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар экспертлар томонидан атрофлича ўрганилган. Натижада автомобиль йўлларини меъёрий тартибга солиш борасида бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган.
Масалан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги тирбандликни камайтириш, ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва юқори сифатли хизматлар кўрсатиш имконини берувчи автомобиль тармоғини яратиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш кечиктириб бўлмас даражага етган. Қолаверса, транспорт соҳасидаги ахборот тизимлари билан интеграция масалалари тартибга солинмай қолаётгани ҳам қонунчиликка янги меъёрлар жорий этишни тақозо қилмоқда.
Жорий ҳафта аввалида муҳокамага киритилган қонун лойиҳалари орасида ушбу масалаларни қамраб олган ташаббус ҳам ўрин олган эди. Яъни, ташаббускорлар амалдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун бугунги кунга келиб, мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳажмда ҳуқуқий томондан тартибга солиш имконини бермайди, деган фикрни илгари сурмоқда. Шу нуқтаи назардан янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан «автомобиль йўлларини режалаштириш» механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти белгиланмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ҳамда оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солиниши, ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар ҳам қамраб олинган.
Айтиш керакки, амалдаги қонунчилик билан давлат-хусусий шериклик асосида йўл инфратузилмасига инвестицияларни жалб қилиш, пуллик асосда муқобил автомобиль тармоғини яратиш, йўл соҳасидаги ахборот тизимлари билан интеграция масалаларини тартибга солиш каби жиҳатлар ҳам кўрсатиб ўтилмаган. Умуман олганда, пуллик автомобиль йўлларини жорий этишнинг қонунчилик базаси мавжуд эмас.
Қайд этилишича, йўл соҳасига инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш пуллик йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция ҳамда эксплуатация қилиш ва улардан фойдаланиш учун ажратиладиган бюджет маблағларини (харажатларини) сезиларли даражада камайтиради.
Шу ва бошқа бир қатор жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ҳамда йўл инфратузилмасида давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида автомобиль йўллари соҳасини тартибга солувчи қонунчиликни янгилаш таклифи долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳада назарда тутилаётган айрим меъёрлар бўйича саволлар ўртага ташланди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган айрим таклифлар қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва маромига етказишда инобатга олинишини қайд этди.
Муҳокамалар якунида лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.
Қарздор кредиторларга бўлган талаблар янгиланади
Маълумотларга кўра, бугунги кунда банклар балансида 6,5 трлн сўмлик 3 мингта мол-мулк сотилмасдан ҳаракатсиз ҳолда турибди. Ваҳоланки, бу кредиторларнинг банк балансига ўтказилиши керак бўлган қарздорликлари. Бироқ аукцион савдосида сотилмаган мол-мулкни банк балансига ўтказишда мулк эгаларининг солиқ қарздорликлари ва маъмурий жарималари мавжуд бўлса, мазкур мол-мулкни банк балансига ўтказишда муаммолар бўлади.
Мисол учун, Асака банкда 7 та, Турон банкда эса 3 та ҳолатда гаров сифатида тақдим этилган мол-мулк бошқа қарздорликлар юзасидан тақиқлар мавжудлиги сабабли банк балансига олинмаган. Натижада, умумий ҳисобда 115 млрд сўмдан ортиқ муаммоли қарздорликлар ундирилмасдан қолмоқда.
Жорий йилги кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, жами 4 трлн сўмлик мол-мулклар аукцион савдоларига қўйилган бўлиб, шундан 3 трлн сўмлик қисми ёки 75 фоизи банклар, 14 фоизи эса давлат фойдасига ундирувларни ташкил қилган. Аммо ундирувни гаровдаги мулкка қаратишга оид ижро ишлари бўйича аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулклар сони ҳам бир неча миллиард сўмдан ошади.
Бу нимадан далолат беради? Гап шундаки, суд ҳужжатларини ижро этишда муддати ўтган қарздорликни ундириш механизмларини такомиллаштириш зарур. Шу билан бирга, аукционда сотилмаган мол-мулкни кредиторларга ўтказишдаги муаммоларни бартараф қилиш, кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлашга қаратилган суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари самарадорлигини ошириш талаб этилмоқда.
Шу кунларда муҳокама қилинаётган кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси мазкур масалаларни қамраб олган. Фракция йиғилишида ҳамда палата мажлисида кўриб чиқилган лойиҳа юзасидан қатор тушунтириш ва изоҳлар билдирилди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи идоралар томонидан мол-мулкларга нисбатан қўйилган барча тақиқларни давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, давлат ижрочисининг қарори унда кўрсатилган шахсга мол-мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос бўлиб ҳисобланиши назарда тутилмоқда. Мол-мулк бўйича мавжуд мажбуриятлар унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолиши, бироқ мазкур мажбуриятларни бажаришни ундирувчи ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган ҳолатлар бундан мустаснолигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлиги таъминланади. Табиийки, баъзи чоралар юмшатилиб, айримлари юзасидан қатъий меъёрлар ўрнатилади. Масалан, мол-мулкка нисбатан қўйилган таъминловчи чоралар давлат ижрочисининг қарорлари асосида бекор қилиниши мумкин. Шунингдек, кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улушини камайтиришга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига эришилади.
Қонун лойиҳалари муҳокамаларини кузатар экансиз, ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаслигининг гувоҳи бўласиз. Эътиборлиси, баъзи депутатлар ўз позициясида, эътирозида қатъий қолиб, асосланмаган меъёрларнинг қайта кўриб чиқилиши, қонунларнинг ҳаётийлиги, ишлашини таъминловчи нормаларга алмаштирилишига эришмоқда. Бу сафарги йиғилишларда ҳам айни руҳият билан кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича тегишли ва асосли қарорлар қабул қилинди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 9.7.2025, №27