Ўзбекистон Халқ демократик партияси сўл қанот партия сифатида муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, болалар учун тенг имконият яратиш зарур, деб ҳисоблайди. Партиямиз дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши лозимлиги белгилаб қўйилган. Мазкур йўналишдаги амалий ишлар ҳолати қандайлиги борасида ҳудудларда ўрганишлар олиб бориб, муаммоларни ҳал қилиш бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Партиянинг Қашқадарё вилоят кенгаши ташаббуси билан “Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Қайд этилишича, вилоятда бугунги кунда 5879 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар истиқомат қилади. Жорий йилда 2060 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга қонуний вакиллар бириктирилган. Ҳозирда 174 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар олий таълим муассасаларида таълим олмоқда.
Масъулларнинг келтиришича, бу йил вилоятда 48 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар берилган.
Вилоят болалар уйида тарбияланиб келаётган болаларнинг оиласини суриштириш натижасида 12 нафар бола ота-онасига, оилавий ҳаётга қайтарилган. Ота-онасига ёки яқин қариндошларига қайтарилган болаларнинг ҳолати ҳар ойда мониторинг қилиниб, ёрдам кўрсатилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, 14-23 ёш оралиғида бўлган етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларнинг 1407 нафарига “Индивидуал интеграция режаси” асосида хизматлар режаси шакллантирилган.
Суҳбат давомида партия фаоллари, депутатлар айрим масалаларга эътибор қаратди.
Хусусан, “Меҳр” дафтари орқали маблағ ажратиш бўйича 13 та йўналишдан 10 таси ишга тушгани, аммо бу борада натижадорликни ошириш зарурлиги қайд этилди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш борасида айрим сусткашликларга йўл қўйилмоқда.
Олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун тайёрланиш харажатларини қоплаш ҳақидаги 26 та мурожаатнинг, ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш учун асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш тарзидаги ижтимоий ёрдамни кўрсатиш борасидаги 35 та мурожаатнинг ҳал қилиниши бўйича депутатлик назорати ўрнатиладиган бўлди.
Халқ демократик партияси депутатлари ота-она қаровисиз қолган вояга етмаганларни ўз вақтида аниқлаш ишларини ташкил этиш бўйича мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш таклифини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган таълим олаётган ва мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган вояга етмаган болалар ҳақида “Инсон” марказларига тезкорлик билан хабар берилишини ташкил этиш борасида масъулиятни кучайтириш зарур.
Шунингдек, васийликка, ҳомийликка, патронатга ва оилавий болалар уйларига олинган болаларни турли тўгаракларга жалб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги, маданият ва бандлик бошқармалари билан доимий ишлаш лозим.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида масъул идоралар, мутасадди ташкилотлар билан доимо ҳамкорликка тайёрлиги маълум қилинди.