Юртимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Юртимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

 

Ёшлар нафақат миллат генофондининг олтин захираси, балки жамиятимизнинг энг фаол қатлами ҳамдир. Янги Ўзбекистонда уларга бўлган эътибор, ғамхўрлик қамрови тобора кенгайиб бормоқдаки, бугун қайси соҳани олиб қараманг, ёшларимиз салоҳияти, интилиши, шижоати билан юқори марраларни забт этаётир. Уларнинг манфаатларини таъминлаш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб, бу борадаги ислоҳотлар давр талабларига уйғун равишда янги босқичга чиқаётгани айни ҳақиқат.

Шу йилнинг 30 июнь куни Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотида мазкур жараён сарҳисоб қилиниб, галдаги устувор вазифалар, узоқни кўзлаган ва пухта таклифлар илгари сурилди. Хусусан, илм-фан, таълим, саноат, рақамли иқтисодиёт, спорт, маданият ҳамда бошқа соҳалардаги ютуқлар мисолида ёшлар мамлакатнинг стратегик тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимиз ёшлари илмий салоҳият борасида ҳам халқаро миқёсда дадил қадам ташламоқдалар. “ТОП-500” университетларга киришда Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаган фарзандларимизнинг бугунги кунда 30 нафари “ТОП-10”, 500 нафари “ТОП-100” ва 1500 нафари “ТОП-300”даги университетларда таҳсил олмоқда. Буни мамлакат таълим тизимидаги изчил ислоҳотларнинг амалий самараси дейиш мумкин.

Шу билан бирга Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилиб, энг иқтидорли ўқувчиларга махсус йўналишларда чуқурлаштирилган таълим бериш тизими йўлга қўйиладиган бўлди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли олийгоҳларга кирган ёшларнинг молиявий қийинчиликларини енгиллаштириш мақсадида янги қоидалар жорий этилмоқда. Энди “ТОП-300”га кирган ёшлар ўқиш ва яшаш харажатларини қоплаш учун грант ва имтиёзли кредитлар олиш имкониятига эга бўлади.

Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва стартап соҳаларида ҳам кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури, 100 та технологик лойиҳа, 145 миллион долларлик венчур сармоя ва “Ёшлар венчур” жамғармаси орқали прототип яратиш имкониятлари — булар ёшларнинг инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш учун яратилган муҳим механизмлардир. Махсус танловлар, грантлар ва таълим дастурлари орқали билимли ва ташаббускор ёшлар молиявий ҳамда институционал қўллаб-қувватланмоқда.

Бундан ташқари, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида йил охирига қадар 292 мингта иш ўрни яратилади. “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 240 минг нафар ёшни даромадли иш билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирда ёзги таътилда бўлган 3 миллион нафар йигит-қизни вақтинчалик ишга жалб қилиш учун “Ҳаракатда даромад” электрон тизими ташкил этилади.

Ёш кадрларни давлат бошқарувига жалб қилиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киритилди. “Келажак лидерлари” дастури орқали ҳар йили 100 нафар ёш махсус тайёргарликдан ўтиб, вазир ва ҳокимларга бириктирилади, хорижда тажриба орттиради. Бу каби ташаббуслар давлат бошқарувида билимли, замонавий қарашларга эга ва масъулиятли кадрлар етишиб чиқишига замин ҳозирлайди.

Давлатимиз раҳбари нутқида билдирилган ҳар бир фикр, ҳар бир ташаббус мазмун-моҳиятан долзарб ҳамда кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Бу учрашув давлат сиёсатининг марказида инсон капитали, хусусан, ёшлар туришини яна бир бор тасдиқлади. Зеро, ёшлар билан яқиндан, самарали ишлаш, уларга ҳамиша ва ҳамма масалада елкадош бўлиш орқали Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратамиз.

 

Гулнора МАЪРУФОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 9.7.2025, №27

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш