ЎзХДП фракцияси ўз позициясида ҳамиша қатъий

 

2025 йилнинг яримини босиб ўтдик. Жорий йилга мўлжалланган режалар бисёр. Ҳаммасига улгуриш, вақтида ниҳоясига етказиш керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти ҳам айни шу мезонларга мос равишда ҳамиша қизғин ва қайноқ. Қонун лойиҳалари муҳокамаси, ҳудудлардаги ўрганишлар, сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш, сўровлар юбориш, эшитувлар, турли тадбирлар, сиёсий жараёнлардаги фаоллик. Депутатлар, хусусан, фракциялар учун эса қонун лойиҳаларининг мазмуни, қонунчилигимизни электорат манфаатларига мос равишда такомиллаштирилиши ҳамиша устувордир.

Душанба куни сиёсий партияларнинг фракцияларида кўриб чиқилган, баъзилари томонидан рад этилган қонун лойиҳалари ҳам палата мажлиси кун тартибидан ўрин олди. Бу фикрлар, қарашлар ранг-баранглиги билан боғлиқ табиий жараён бўлиб, натижа овозлар сонига қараб белгиланади. Яъни, ҳар бир партия ўз электорати, дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, масалага ёндашади. Қонун ижодкорлари эса ўз лойиҳасини қаттиқ ҳимоя қилади. Қизиғи шундаки, баъзида депутатлар ҳам улар томонига ўтиб олгандек, лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлайди ва қарши чиққан депутатлар фикрига акс мисоллар билан қонун аҳамиятини исботлашга уринади. Ваҳоланки, айрим қонун лойиҳалари устида узоқ ишлаш, ҳатто қайта ёзишга эҳтиёж бўлади. Кеча ҳам айни ҳолат кузатилди.

 

Фракция нега лойиҳани қўллаб-қувватламади?

Келинг, дастлаб партиямиз фракцияси эътироз билдирган қонун лойиҳасининг мазмуни ва нега рад этилганига оид масалаларга тўхталсак. Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачи ва иккиламчи ижарачилар учун жарима жорий этилишини ҳам назарда тутмоқда.

Хусусан, дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачи ва иккиламчи ижарачилар томонидан дала четларида, шунингдек, дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари (ирригация-мелиорация тармоқлари минтақа зонасидаги ерлар бундан мустасно) атрофидаги майдонларда мақбул экинлар экиш ҳамда йил давомида маҳсулот етиштириш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таклиф этилган.

Фракция йиғилишида депутат Анвархон Темиров қонун лойиҳасидаги айрим нормалар қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, фермерлар, айниқса, ижарачилар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга хизмат қилмаслигини таъкидлаб, лойиҳа Халқ демократик партияси электорати манфаатларига мос келмаслиги ҳақида позиция билдирди.

Яна бир депутатимиз Қизилгул Қосимова лойиҳада назарда тутилган жарима қўллаш амалиётига қарши чиқиб, агентлик жарима қўллашга интилиш орқали қўлига калтак олаётганини, аммо мақсад жазолаш эмас, ердан унумли фойдаланиш бўлиши зарурлигини таъкидлади. Дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачиларни жарима қўллаш билан ҳафсаласини пир қилиш эмас, одамларни меҳнатга, натижага рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ҳақида ўйлашни таклиф қилди.

Палата мажлисида фракция аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари асосида шакллантирилган қатъий позиция билдирилди.

ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасини тайёрлашда бир томонлама ёндашувга йўл қўйилган. Натижада фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда ердан фойдаланувчилар учун бир қанча молиявий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли қонун ташаббускорларининг эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Биринчидан, қонун лойиҳасининг мазмуни фақат талаб белгилаш ва жазолаш бўлиб қолган. Бунда иккинчи томон, яъни, ердан бирламчи ва иккиламчи фойдаланувчи шахсларнинг манфаатлари таъминланишини назарда тутувчи аниқ механизмлар очиб берилмаган.

Мисол учун, лойиҳанинг мазмунига қаралса, фермер хўжалигида 100 гектарлик жой бўлса, шундан 2 гектари дала чети деб ҳисобланади. Айтайлик, шунинг бир гектари объектив ёки субъектив сабабларга кўра, фойдаланилмай қолса, бу ҳолатда 100 гектар майдон жаримга тортилади ҳамда солиқлар уч карра кўпроқ тўланиши кўрсатилмоқда. Фракция фикрига кўра, бундай ёндашув соҳани қўллаб-қувватлаш ўрнига коррупцион ҳолатларни келтириб чиқаради.

Иккинчидан, дала четидаги ерларни иккиламчи ижара асосида фойдаланишга олаётганлар, одатда кам таъминланган ёки фермер хўжалиги ходимлари бўлади. Лекин лойиҳада фақат жазолаш чораси акс этиши камбағал оилаларни қай даражада ҳимоя қилиши мумкин, деган саволни очиқ қолдирмоқда.

Учинчидан, жазолашга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан аввал фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларининг қайси қисми дала чети ҳисобланади, деган элементар саволга аниқлик киритилиши лозим. Аммо қонун лойиҳасида бу масалага ҳам жавоб берилмаган.

Фракция аъзоларининг фикрича, ер эгаларини жарималар орқали тўғридан-тўғри жазолаш эмас, балки уларнинг ердан янада самарали фойдаланиши учун қўллаб-қувватловчи нормалар киритилиши мақсадга мувофиқдир.

Айтиш керакки, бошқа партиялардан ҳам эътироз билдирувчилар бўлди. Муҳокама савол-жавоблар билан узоқ давом этди. Якуний овоз бериш натижалари бетарафлар, овоз бермаган бўлганини кўрсатди. Бироқ қонун лойиҳаси 22 та қарши овоз билан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

 

Ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти

Палата мажлисини, фракциялар йиғилишини кузатар экансиз, луғатимизга янги сўзлар билан бирга янгича атама ва қарашлар ҳам кириб келмоқда. Ва буларнинг барчаси қонунчиликда ҳам акс этяпти. Ҳафта аввалида бўлиб ўтган қонун лойиҳалари муҳокамаларида бу яна бир бор кўзга ташланди. Масалан, “Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, мулоҳазалар билдирилди. Лойиҳада ҳудудий ёки соҳавий миқёсда янги қонунчилик нормаларини тажриба тариқасида жорий қилиш кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашув қонунларнинг ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

Иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган қонунга кўра, ҳуқуқий эксперимент ўтказиш шакллари ва усуллари, уни ташкил этиш ҳамда ўтказиш шартлари, ҳуқуқий эксперимент натижаларини баҳолаш тартиби, шунингдек, уларни расмийлаштириш бўйича талаблар белгиланмоқда.

Шунинг ўзигина эмас, албатта. Лойиҳада муайян тартиб-таомилни ҳуқуқий экспериментдан ўтказиш вақт, ҳудуд ва шахслар доираси бўйича олиб борилиши, ҳуқуқий экспериментни ўтказиш босқичлари назарда тутилмоқда.

Ташаббускорларнинг сўзларига қараганда, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида келиб тушган таклиф ва фикрлар эътиборга олиниб, лойиҳа матнига зарурий ўзгартиш ва аниқликлар киритилди.

Жумладан, чекланган соҳаларнинг умумий мезонлари аниқлаштирилди. Қолаверса, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган, бекор қиладиган ёки ёмонлаштирадиган экспериментларга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, ҳуқуқий эксперимент ўтказишдаги ваколатли органлар роли кенгайтирилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқлаштирувчи роли ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. Давлат органлари ваколатлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий экспериментда иштироки алоҳида бобда акс эттирилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш, ўтказиш, унинг натижаларини баҳолаш ва жорий этиш бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга, турлича талқин ва мураккабликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Палата мажлиси ёки фракция йиғилишини кузатар экансиз, депутатларнинг эътирозлари ҳамда билдирган фикрлари асосли эканини англайсиз. Чунки ҳар битта ўзгариш ортида халқ борлиги инобатга олиниши шартлиги, қонун ҳамма учун бирдек манфаатли бўлиши зарурлиги таъкидланади. Хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси қонун лойиҳаларининг ижтимоий аҳамияти ва амалий натижадорлиги юзасидан фикр билдиради. Қонун ташаббускорларининг айбини топиш эмас, улар билан ҳамкорликда камчиликларни бартараф этиш тарафдори эканини тушунтиради. Айни шу шартлар билан яна бир қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга етиб келган.

Биламизки, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи айрим нормаларни чиқариб ташлаш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келяпти.

Шундан келиб чиқиб, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунни “Aкциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадида акцияларни акциядорлик жамияти билан бир қаторда акциядорлар ҳам имтиёзли ҳуқуқ асосида (тўғридан тўғри) сотиб олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, йиғимларни жорий этиш тартиби фақат қонунларда белгиланиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш ваколати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилмоқда.

Депутатларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ўрмон фонди ерларини онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ фақатгина ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда ушбу ҳужжат ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилиши қайд этилди.

Юқоридаги ҳар иккала қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва Сенатга юборилди.

Шу билан бирга, мажлисда қурилиш материаллари соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлашдан иборат. Қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта ишлаш харажатларини қоплаш учун утилизация йиғими жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси қурилиш ойнаси сифатини яхшилаш баробарида, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган қурилиш ойнаси экспорти ҳажмларини янада ошириш имконини беради.

Мазкур масалада ҳам савол-жавоблар бўлди. Депутатлар утилизация йиғимини жорий этиш билан боғлиқ меъёрнинг қай даражада ўрганилгани билан қизиқди. Чиқиндиларнинг қайта ишланиши энергетика соҳасини ривожлантириши, янги иш ўринлари ҳосил қилиши билан аҳамиятли экани таъкидланди. Бироқ йиғимлар масаласидаги саволларга аниқ жавоблар ҳамда статистик маълумотлар келтирилиши зарурлигига урғу берилди.

Муҳокамалардан сўнг лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 2.7.2025, №26

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш