
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Куни кеча миллий анъанага айланган учрашувлардан бири давлат раҳбари Ёшлар кунида келажагимиз бунёдкорлари билан учрашуви чоғида ёшларни қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва иқтидорини юзага чиқариш бўйича янги ташаббуслар илгари сурди, илҳомлантирувчи мисоллар, мамлакатнинг эртанги кунини белгилашга қодир ғоялар ва ечимларни тақдим этди.
Шунингдек, давлат раҳбари иқтидорли ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг инновация, “яшил” иқтисодиёт, креатив саноат, тадбиркорлик ва ИТ соҳаларидаги илғор ишланмалари ва ютуқлари билан танишди. Тан олиш керакки, кейинги йилларда иқтисодиёт тез суръатлар билан ўсиб, барча соҳаларда имкониятлар ортиб бораётганида, ҳеч шубҳасиз, ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Демакки, давлат раҳбари ташаббуси билан ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирини яратишга киришилгани ўз мевасини бера бошлаган.
Масалан, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этди. Бугунги кунда 30 нафар ёшларимиз дунёнинг топ-10 талик олийгоҳида, 500 нафари топ-100 ва 1 минг 500 нафари топ-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.
Яқинда бутун юртимизда барчамиз узоқ кутган катта футбол байрами бўлиб ўтди. Халқимизнинг 34 йиллик орзуси ушалди – миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ваҳоланки, яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Бундан ўн йил аввал ҳам касб-ҳунар коллежларида таҳсил олган ёшлар биринчи навбатда уч томонлама ёлғон шартномаларни тўлдириш учун сарсон бўлган бўлсалар, иккинчи навбатда қўлида дипломи бўла туриб иш тополмай яна саргардон бўлганлигининг гувоҳи бўлдик.
Айни куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган ёшлар иш излаб чет давлатларда қурилишларда, оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлгани ҳам ҳақиқат. Ҳозирги кунда юртимизда энг иқтидорли ёшларни бағрига олган Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, эл севган адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларининг барчаси ёшларга сифатли таълим бериш ва касбга йўналтириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътиборнинг амалдаги исботидир.
Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида “Ёшлар бандлик дастури” амалга оширилмоқда. Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланаётганлиги барчамизни қувонтиради.
Жорий йил февраль ойида ўтган учрашувда ёшлар учун 40 дан зиёд янги ташаббуслар эълон қилиниб, қарийб 500 миллион доллар ажратилди. Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа ишга туширилиб, 292 мингта иш ўрни яратилади. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган. Ишлар бошланиши билан “яшил” иқтисодиёт, “яшил” энергия, рақамли геология, технологик минераллар, био-инженерия йўналишларида минглаб мутахассисларга талаб пайдо бўлади. Шу боис, ҳозирданоқ бундай лойиҳаларга кадрлар тайёрлаш бошланди. Энди, бу ишлар мактабдан бошланади. Ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант ажратилади.
Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар юртимизда излаб топилмоқда. Президент мазкур харажатларни келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.
Демакки, Ўзбекистонимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига “муаммо” деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралмоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Бу борада халқ вакиллари сифатида биз депутатлар ҳам ёшлар билан ҳамнафас ва ҳамфикр бўлиб, жойларда ўтказиладиган ҳар қандай учрашувда ёшларнинг таклиф ва фикрлари асосида фаол ривожланиш позицияси бўйича ўз йўл харитамизга эга бўлишимиз керак. Зеро, сиёсат давлат даражасида, имконият бор, фақат бирдамликда ишлаш ва фаровонликка эришиш талаб этилади!
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.