Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи ва суянчи
Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи ва суянчи

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга эътибор, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, қобилият ва истеъдодларини ривожлантириш каби масалалар давлатимиз сиёсатининг доимий кун тартибидан ўрин олди.

Давлат раҳбарининг куни кеча Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглаб, мамлакатимизда бу борадаги ишлар изчил давом этишига амин бўлдим. Хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бу нафақат шу тадбирда иштирок этган ёшлар, балки барча юртдошларимизни ҳам беҳад қувонтирди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар аниқ натижалар бермоқда. Ўтган йили юртимиз ёшлари “ТОП-500”талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Бугунги кунда 30 нафар йигит-қиз дунёдаги “ТОП-10”, 500 нафари “ТОП-100” ва 1 минг 500 нафари “ТОП-300”дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

Яқин йилларгача бундай натижаларни тасаввур қилиш қийин эди. Бу нимадан далолат беради? Аввало, ёшларга яратилаётган имкониятлар самараси бу. Бундан фойдаланиб, катта марраларни кўзлаб интилаётган билимли, салоҳиятли ёшларимизнинг натижаси ва ютуқларининг яққол ифодасидир.

Президент таъкидлаганидек, юртдошларимиз санъат, спорт соҳаларида ҳам катта муваффақиятларга эришмоқда. Яқинда футбол бўйича миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳар биримиз учун катта фахр ва ифтихордир.

Ҳақиқаттан ҳам, бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, уларнинг онги, дунёқараши, орзу истаклари, талаблари ҳам ўзгарган. Улар бугун замонавий фикрлаяпти, давр билан ҳамнафас яшаяпти. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилган. Ўтган йили 150 мингдан зиёд йигит-қиз халқаро тил сертификатлари олган, бу – 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп. 

Ушбу натижаларнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши баланд ва у билан шуғулланиш ниятидаги минглаб йигит-қизлар етишиб чиқаётганини билдиради. Бу ёшларимиз минглаб стартаплар устида ишлаётгани, минглаб, миллионлаб дастурчилар тайёрланаётганини англатади. Энг муҳими, бундай имконият ва шароитлар соҳага илғор ёшларни кенг жалб қилиш, уларни юксак салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун замонавий макон вазифасини ўтамоқда. Бу ҳаммамиз учун катта ютуқдир, эртамиз учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилди.

Учрашувда ёшларга имкониятларни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Эндиликда, миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи танланиб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади. Шундан камида 300 нафари эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади. Албатта, бу ўқимишли, теран фикрли ёшлар сафини кўпайтириш учун энг мақбул имкониятдир. Ўзига ишонган, дадил, жаҳон саҳнасида ўз овози ва сўзига эга, халқаро миқёсида ҳам юрт нуфузини юксалтиришга қодир ёшлар қатлами шаклланиши учун муҳимдир.

Таъкидлаш жоиз, Президентнинг 28 июндаги фармон ва қарорига мувофиқ, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида бир гуруҳ илғор йигит-қизлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган эди. Ёшлар кунида Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ана шу мукофотларни топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ёшларга ишонч ва эътиборнинг яна бир намунасидир.

Ушбу мукофотлар ёшларимизни катта ютуқларга, зафарларга чорлайди, руҳиятини, кайфиятини кўтаради.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш