Ижтимоий давлатда сиёсий партияларнинг ўрни қандай бўлади?
Ижтимоий давлатда сиёсий партияларнинг ўрни қандай бўлади?

 

Замонавий талқинга кўра, ижтимоий давлат биринчи галда фуқаролар учун белгиланган минимал фаровонлик ва тенг имкониятларни таъминлайди. Бундай давлатда аҳолининг ҳар бир қатламига ғамхўрлик қилинади, инклюзив ривожланиш ва ижтимоий адолат тамойиллари устувор бўлади. Ижтимоий давлат концепцияси илк бор XIX аср охирида илмий муомалага кирган бўлса-да, ҳозирги даврда у дунё давлатлари Конституцияларида мустаҳкам ўрин олмоқда.

Ижтимоий давлатни барпо этишда сиёсий партияларнинг роли ва амалий тажрибасини турли давлатлар мисолида кўриш мумкин. Европадан то Осиё давлатларигача партиялар турли тарихий шарт-шароитларда ижтимоий давлат ғоясини олға суриб, уни амалда жорий этишга интилган. Германия Федератив Республикаси Конституциясининг 20-моддасида Германия демократик ва ижтимоий федерал давлат экани белгиланган. Шу боис бу ўлкада турли сиёсий қарашларга эга партиялар ижтимоий давлат тамойилларига содиқ бўлиб келади.

Швеция дунёдаги энг тараққий этган ижтимоий давлат моделларидан бири сифатида танилган. Бу моделни шакллантиришда мамлакатдаги Социал-демократик ишчилар партияси (SAP) ҳал қилувчи роль ўйнаган. Шу асосда Швецияда дунёнинг энг қамровли ва адолатли фаровонлик давлатларидан бири барпо этилди – болалар нафақаси, уй-жой субсидиялари, умумий соғлиқни сақлаш, барча учун пенсия таъминоти, бепул таълим каби чора-тадбирлар кенг жорий қилинди.

Япония конституциявий жиҳатдан ўзини социал давлат деб атамаса-да, Конституциясининг 25-моддаси давлат зиммасига аниқ ижтимоий мажбуриятларни юклайди. Унда “ҳар бир одам соғлом ва маданий ҳаёт учун зарур бўлган минимал шароитларда турмуш кечириш ҳуқуқига эга. Ҳар бир соҳада давлат ижтимоий фаровонлик ва хавфсизликни кенгайтириш учун ўз саъй-ҳаракатларини амалга оширади”, деб кўрсатилган.

Сиёсий партиялар жамиятнинг турли қатлам манфаатларини ифода этувчи ва давлат сиёсатига интеграция қилувчи институт сифатида ижтимоий сиёсатни шакллантиришнинг бош субъекти ҳисобланади. Ҳар бир партия ўзининг мафкуравий йўналиши ва электорати интилишларидан келиб чиқиб, фаровонликни таъминлаш бўйича турли ёндашувларни таклиф қилади. Шу тарзда парламент ва ҳукуматдаги партиялар рақобати натижасида амалий ижтимоий сиёсат қарор топади.

Ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш учун партиялар парламентда қонун ва дастурларни илгари суриб, ижтимоий ислоҳотларга ҳуқуқий асос яратади. Масалан, иш ҳақининг минимал миқдорини белгилаш, солиқлар орқали қайта тақсимот, бепул тиббий хизмат ва таълимни жорий этиш каби чоралар фақат сиёсий ирода орқали амалга ошади. Бу борада партиявий позициялар фарқланиши мумкин: сўл марказчилар, социал-демократлар одатда давлатнинг ролини ошириб, турмуш сифатини яхшилаш тарафдори бўлса, ўнг либерал ва консерваторлар бозор механизмлари орқали фаровонликка эришишга мойилроқ. Лекин охир-оқибат, уларнинг барчаси маълум даражада аҳолининг турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшади.

Партиялар ижтимоий қатламлар ўртасида воситачидир. Масалан, ишчи-хизматчилар, тадбиркорлар, зиёлилар – буларнинг ҳар бири ўз манфаати ва муаммоларига эга. Мана шу гуруҳлар партиялар орқали сиёсий жараёнга таъсир ўтказади. Қолаверса, мазкур сиёсий ташкилотлар давлатнинг ижтимоий сиёсатини назорат ва таҳлил қилишда ҳам муҳим ўрин тутади. Мухолифат партиялари ҳукуматнинг ижтимоий соҳадаги хатолари ёки эътибордан четда қолаётган масалаларни кўтарар экан, уларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқади ва ислоҳотларнинг амалий натижадорлигига интилади.

Асосий қонунимизда белгилаб қўйилганидек, Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш ва аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашдир. Бу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда сиёсий партиялар фаол иштироки ва рақобатини кучайтириш зарур.

Ҳаракатдан ташқарида эмас, амалда ижтимоий ташаббуслар тизимини шакллантириш керак. Партиялар фақат сайловолди ваъдалар билан чекланиб қолмасдан, доимий равишда жойларда амалий ижтимоий ташаббусларни илгари сураётган сиёсий кучга айланиши шарт. Масалан, партиялар ўз фракциялари орқали парламентда янги қонун лойиҳаларини киритиши, давлат бюджети муҳокамасида ижтимоий харажатлар улушини ошириш ҳақида кескин таклифлар бериб бориши айни муддао.

Яна бир масала илмий таҳлил ва мутахассисларни жалб қилиш механизмини шакллантириш билан боғлиқ. Партияларнинг ижтимоий йўналишини мустаҳкамлаш учун малакали экспертлар, соҳа мутахассислари билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш зарур. Ҳар бир партия ҳузурида “Ақл маркази” (think tank) вазифасини ўтовчи таҳлилий гуруҳлар фаолият юритиши мумкин. Бу гуруҳлар мазкур йўналишда хорижий тажрибани ўрганиб, мамлакатимиз шароитига мос ижтимоий ислоҳотлар бўйича таклифлар тайёрлайди.

Хулоса қилсак, Янги Ўзбекистон ўз олдига ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуришдек улуғ мақсадни қўймоқда. Бу сиёсий партиялардан муҳим ҳаракатлантирувчи куч ва таянчга айланишни тақозо этади.

 

Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.

«Ўзбекистон овози», 2.7.2025, №26

 

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш