
Бугунги тинч ва фаровон кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш бағрикенг ва олийжаноб халқимиз учун қадрият даражасига кўтарилган.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқ депутатлари Косон туман Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутат Мурод Мўминов ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ҳамкорлигида Косон туманидаги “Этак” маҳалла фуқаролар йиғинида “Унутмоқ осонмас сизларни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, партия фаоллари, нуронийлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида олиб борилаётган ишларни аниқ мисоллар асосида санаб ўтдилар. Бу борада партия ташкилотлари ҳам фаоллик ва намуна кўрсатаётгани тилга олинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши “Фахрийлар Кенгаши” аъзолари ҳамда партиядан сайланган халқ депутатлари томонидан “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, ҳар бир туман ва шаҳарда фахрийлар билан ишлаш кўламини кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда юртимиздаги осойишталик ва барқарорликни қадрлаш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик масаласига ҳам урғу берилди.
Бир пиёла чой устида давом этган суҳбатда нуронийлар ўзларига кўрсатилаётган эъзоз-у эҳтиромдан миннатдорлигини баён қилдилар. Тинчлигимиз абадий бўлишини, замондошларимиз қалбида шукроналик туйғуси асло йўқолмаслигини тилаб, дуога қўл очишди.
Музаффар ТУРОПОВ,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 7.5.2025, №18