Ягона уйимиз
Ягона уйимиз

 

2025 йилАтроф-муҳитни асраш ваяшил иқтисодиётйили

 

Тириклигимиз, ризқ-у рўзимиз, насибамизҳамма-ҳаммаси она ер билан боғлиқ. Қуёш тизимида ҳаёт мавжуд бўлган ягона ва бетакрор сайёраЕр инсониятнинг неча минг йиллик ўтмиши, бугуни ва келажагига гувоҳ. Бу сайёрадаги жамики инсонлар учун Ер ягона уй ҳисобланади.

Афсуски, илм-фан ва техник тараққиётнинг юксак чўққиларига интилаётган одамзот бугунги кунда бебаҳо неъмат – ернинг ҳамда ундаги беминнат неъматларнинг қадрига етяпти, дея олмаймиз. Ер ресурслари чекланганлигини, уни асраб-авайламай, зиён етказишда давом этаверсак, келажак авлод ҳаётини таҳликага қўйишимиз мумкинлигини кўп ҳолларда ёддан чиқараётгандекмиз. Ваҳоланки, табиат ва ерга шафқатсиз муносабатнинг “мева”ларини ҳозирданоқ кўриб турибмиз: иқлим ўзгаришлари, ўрмонларнинг қисқариши ва чўлланишнинг жадаллашгани, музликларнинг эриши, наботот ҳамда ҳайвонот олами турлари камайиб бораётгани – булар барча давлат ва жамиятни ҳушёрликка чорламоқда.

Шу боис ҳам ерни асраш ва ундаги муаммоларга бани башарнинг эътиборини қаратиш ҳар қачонгидан долзарб. Ҳар йили 22 апрель (2009 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида 50 дан ортиқ давлат вакиллари томонидан маъқулланган) жаҳон бўйлаб Халқаро Ер куни сифатида кенг нишонланиб келиниши замирида турли қитъадаги инсонларни сайёрамизни ҳимоя қилишга чорлаш мақсади мужассамдир. Эътиборлиси, бу сана мамлакатимизда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, Ўзбекистонда ўрмон ресурслари чекланган. Умумий ер майдонининг 10,6 фоизини ташкил қиладиган ўрмонзорларни янада кўпайтириш чора-тадбирлари айни пайтда изчил олиб борилмоқда. Бунга мисол сифатида Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш ҳажми кескин кўпайтирилаётганини келтириш мумкин. Ёки “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимиз ҳудудларида ҳар йили 200 миллионга яқин кўчат экилиб, чўлланиш ва шамол эрозиясини камайтириш чоралари кўрилаётгани эътирофга лойиқ.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 мартдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида "Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида республиканинг 176 минг гектар ер майдонида ўрмонзорларнинг табиий тикланишига кўмаклашиш жараёни кетмоқда. 38,5 минг гектар ер майдонларида яйловларни қайта тиклаш, 15 минг гектар ер майдонида сувни тежаш ва тоғ ўрмонларида тупроқ эрозиясига қарши курашиш, 14,2 минг гектар ер майдонларида агроўрмончилик тадбирлари бажарилмоқда. 5 минг гектар ер майдонида саноатбоп ўрмонзорлар ҳамда 5 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил қилиш ишлари ҳам амалга ошириляпти.

Статистикага кўра, глобал миқёсда ҳар йили 7–8 млн гектар ҳосилдор ерлар деградацияга учрамоқда. Шунингдек, дунё бўйлаб ҳар йили 24 млрд тонна ҳосилдор тупроқ йўқолмоқда, бу эса озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид соляпти. Худди шундай, Ўзбекистонда ҳам айрим ҳудудларда гумус миқдори 40-50 фоизгача камайган, бу эса тупроқнинг биологик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда юртимизда ер ислоҳотларини такомиллаштириш, ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, яйловлар деградациясининг олдини олишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунга параллел равишда БМТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда чўлланиш жараёнларини камайтириш ва барқарор агроэкотизимлар яратиш лойиҳалари рўёбга чиқарилаётир.

Жумладан, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” Давлат дастурига мувофиқ экологик мувозанатни таъминлаш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформацияси”ни амалга ошириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ишлари пировардида ер ва ер ресурсларидан оқилона, мақсадли фойдаланиш борасида янги ташаббусларга туртки беряпти. Ерлар, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар талон-торож қилинишининг олдини олиш, мазкур жараёнларга ахборот технологияларини кенг жорий қилиш орқали соҳани рақамлаштириш саъй-ҳаракатлари суръати ҳам ошмоқда. Буларнинг бари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та асосий ғояси қаторида аҳоли учун қулай экологик шароитни кафолатлашга хизмат қилади.

Дарвоқе, ушбу стратегияда юртимизда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини йўлга қўйиш, барча замонавий мегаполислардаги каби, пойтахтимизда яшил майдонлар ҳудудини 5 баробар кўпайтириш, республикада ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 миллион гектарга, дарахт ва бута уруғлари тайёрлашни 840 тоннага ошириш, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,3 миллион гектарга етказиш, чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 600 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш вазифалари белгиланган. Мазкур вазифаларнинг амалий тасдиғини топиши ер экотизимининг барқарорлигига,биологик хилма-хилликнинг сақлаб қолинишига замин яратади. Бу эса Ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, аҳоли нуфуси ўсиб бораётгани каби озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа соҳалар ривожига эҳтиёж кун сайин ортаётган ҳозирги вазиятда энг тўғри ёндашувдир.

Унутмайлик, она ер ва унинг бойликларини келажак авлодларга мерос қолдириш барчамизнинг инсоний бурчимиз.

 

Сайёра АБДИКАРИМОВА,

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 30.4.2025, №17

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш