
Эл-у юрт учун ягона нажотни таълим-тарбияда деб билган маърифатпарвар жадидларимиздан бири Абдурауф Фитрат «Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир», дейди.
Дарҳақиқат, тараққиётнинг тамал тоши мактабларда қўйилади. Бошқача айтганда, бу табаррук масканларда илм олиб, камолга етган, онг-у тафаккури, дунёқараши юксалган, салоҳиятли йигит-қизлар мамлакатнинг ёрқин келажагини барпо этади. Барқарор ривожланиш йўлини танлаган ҳар бир давлат мавжуд қувватини, капиталини айнан таълим истиқболига сарф этишга интилади. Энг бебаҳо ресурс ҳисобланган ёш авлод манфаатларини таъминлаш учун маблағни аямайди.
Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида таълим тизимини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган муҳим мақсад ва вазифалар қамраб олинган. Мазкур стратегия доирасида жорий йилги Давлат дастурида мактабларда шароитларни ва ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш, ўсиб келаётган авлодни билимли этиб тарбиялаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар белгиланган.
Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишуви чоғида масаланинг мана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шуниси аниқки, таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактаблар ҳаётини ўзгартирмасдан туриб, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Юрт тақдири билан боғлиқ улуғвор мақсадларимиз рўёби мактабларда «илдиз» отади. Мактабни мактаб қиладиган куч эса, албатта, ўқитувчи-педагоглардир.
Яширмаймиз, ўз вақтида мактабларимизда маънавий-маърифий муҳит ҳам, ўқитувчи касбининг обрў ва нуфузи ҳам пасайган, тизим чуқур ислоҳотларга муҳтож бўлган даврни кўрдик. Замонавий фикрлайдиган, малакали педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли аҳамият берилмагани соҳада қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарган эди.
Сўнгги саккиз йил оралиғида ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича юртимизда дадил қадамлар ташланди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Президентимизнинг халқ таълими тизимига оид қатор қарор ва фармонлари билан соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.
Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, «Темурбеклар мактаби», Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги билим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Ушбу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқитувчиларнинг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинди. Педагог кадрлар мажбурий меҳнатдан, ортиқча қоғозбозликдан озод этилиши, ойлик маошлари оширилгани ва бошқа ижобий ўзгаришлар самараси ўлароқ, бир пайтлар мактабни тарк этган минглаб эркак ўқитувчилар яна илм даргоҳига қайтмоқдалар. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда мамлакатимизда жами 481 минг 604 нафар педагогнинг 148 минг 695 нафарини эркак ўқитувчилар ташкил этган бўлса, 2024/2025 ўқув йилида бу рақам 161 минг 432 нафарга етди.
Аммо соҳада ҳали муаммолар узил-кесил барҳам топганича йўқ. Мактабларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, педагог кадрларни тайёрлашда замон талаблари даражасидаги янги ёндашувларни татбиқ қилиш ҳаётий зарурат бўлиб турибди.
Юқорида келтирилган тақдимотда айтиб ўтилдики, айни пайтда юртимизда 15 та давлат ва 61 та нодавлат олийгоҳда педагогика йўналиши бор. Лекин улардаги илмий салоҳият атиги 40 фоиз атрофида.
Қабулларнинг катта қисмини ижтимоий йўналишлар ташкил этади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича педагоглар тайёрлаш, афсуски, жуда кам. «Афсуски» дея урғу бераётганимиз сабаби, мамлакатимиз ривожланган давлатлар билан ҳамқадам бўлмоғи, жадал тараққий этмоғи учун «тўртинчи саноат инқилоби» касбларини эгаллаган ёш кадрлар сув ва ҳаводек керак. Бунинг учун эса болаларда физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика билан боғлиқ касбларга қизиқиш уйғотиш, қобилият ва лаёқатларини кашф этмоқ жоиз. Энди ўйлаб кўринг, мактабларимизда бундай вазифани уддалайдиган ўқитувчилар етишмаса, «тўртинчи саноат инқилоби»да рақобатдош бўла оламизми?!
Шулардан келиб чиққан ҳолда тақдимотда педагогларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Яъни, Тошкент давлат педагогика университети негизида Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этиладиган бўлди. Ушбу университет республикамизнинг барча ҳудудларидаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳ ҳисобланади.
Аҳолининг демографик кўрсаткичи йил сайин ошиб бораётгани фонида янги мактабларга эҳтиёж ортмоқда. Ҳозирги кунда республика бўйича 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаётгани бунга далил. Айниқса, аҳоли гавжум манзиллардаги, шаҳарлардаги мактабларда битта синфда 40-45 нафаргача боланинг ўқиши одатий тус олган.
Ушбу масаланинг ечими сифатида жорий йилнинг ўзида бюджет ҳисобидан 112 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилиши, Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилаётгани айни муддао.
Тақдимот чоғида фарзандларимиз таълим-тарбиясига соя солаётган яна бир жиддий хатар тилга олинди. Маълум бўлишича, юртимизда мактаб ёшидаги болаларнинг 80 фоизи интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол. Лекин бу интернет ва ижтимоий тармоқлар дунё бўйлаб айрим шахслар ва айрим гуруҳларнинг ғоявий қуролига айлангани, улар орқали ахлоқий бузуқликлар ҳамда турли жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Мана шундай шароитда болаларимизни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш ҳаёт-мамот масаласи саналмоқда.
Давлатимиз раҳбари ёш авлод учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, улар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентларни кўпайтириш, бу йўлда бор билим ва ғайратини бағишлашга бел боғлаган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университетида муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, тиббиёт каби замонавий соҳаларда мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, янги лабораториялар очиш режалари ҳам тақдимот қилинди. Олийгоҳда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида Германиянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий университет клиникаси ташкил этилиши халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашда янги бурилиш бўлиши муқаррар.
Сайёра ИМАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқда улкан мақсадлар белгиланган. Уларни амалга ошириш ва тараққиётнинг шундай жадал суръатда давом этиши, эртанги кунимиз, юрт истиқболи ўсиб келаётган авлодга боғлиқ. Шу боис ҳам таълим-тарбия соҳасида илғор тажрибалардан ортда қолмаслик, сифат ўзгаришларида бир лаҳза ҳам танаффус қилмаслик лозим.
Партиямиз мақсадларига кўра, Ўзбекистонда ҳар бир бола қаерда ва қайси оилада туғилганидан қатъи назар, ўз орзуларига эриша оладиган, билими, иқтидори, меҳнатсеварлиги билан ҳаётда ва жамиятда ўрин топадиган шахс сифатида шаклланиши учун таълимнинг барча босқичида аҳолининг ҳамма қатламига тенг имкониятлар яратилиши зарур. Эътиборлиси, бу мақсадга уйғун равишда мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда.
Президентимизнинг 28 апрелда қабул қилинган «Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони замирида ҳам таълим-тарбияда замонавий ва оқилона тизим яратиш мақсади мужассамдир.
Фармонга кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўрнида Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади ва у республикада педагог кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим ташкилоти бўлади.
2025/2026-ўқув йилидан бошлаб университетнинг бошқарув тизими босқичма-босқич «Янги Ўзбекистон» университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилиши, мавжуд 14 та факультет мақбуллаштирилиб, 6 та педагогика олий мактаблари очилиши, бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсданоқ халқаро таълим дастурлари жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш фақат кундузги ва кечки таълим шакли бўйича ташкил этилиб, сиртқи таълимга қабул тўхтатилади. Олий педагогик таълим йўналишида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хулосаси асосида амалга оширилади. Кейинчалик Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида педагог кадрлар тайёрлаш сифати таҳлилини юритиш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностика қилиш тизими қўлланилади. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга «Госпитал педагогика» магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Фармонга мувофиқ, юртимизда эндиликда «Госпитал педагогика» мутахассислиги бўйича педагогларнинг тайёрланиши инклюзив таълимни ривожлантиришда тамомила янги саҳифа очишига ишончим комил. Жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган алоҳида ёрдамга муҳтож болаларнинг соғлом тенгдошлари қаторидан кам бўлмай, таълим-тарбия олиб, ҳаётда ўз ўринларини топиши учун пойдевор яратишда бу жуда муҳим.
Давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини кўп бора таъкидлайди. Зотан, халқнинг, миллатнинг юксалиши айнан мактаб остонасидан бошланади.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 30.4.2025, №17