Самарқандда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгашида халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи йиғилиши ва жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда вилоятда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди.

Тадбирда Президентнинг 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарори ижроси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техник базаси, тиббий хизматлар сифати ва аҳолининг янги тизимдан хабардорлиги масалаларига эътибор қаратилди.

Муҳокамаларда кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, оилавий шифокорлар фаолиятини такомиллаштириш, айниқса, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ҳар бир фуқаро учун имконли бўлиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатлари эса давлат сиёсатида эътиборда туришини муҳим деб ҳисоблайди. Шу боис давлат тиббий суғуртаси тизимининг амалиётга жорий этилиши, кафолатланган хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятлари депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратининг муҳим йўналишидир.

Йиғилиш якунида депутатлик гуруҳи тегишли қарор қабул қилди. Унда тизимни жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, тиббий хизматлар сифати ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, зарур ҳолларда тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш вазифалари белгиланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш