Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Қашқадарё илғор касбий таълим маҳорат техникумида “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсати ижроси: натижалар ва устувор вазифалар” мавзусида жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Тадбир вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят касбий таълим бош бошқармаси ҳамда Марказий банкнинг Қашқадарё вилояти бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар масъуллари, шаҳар ва туман бандлик бўлимлари вакиллари, техникум ўқитувчилари, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувида вилоятда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда эришилган натижалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда вилоятда 164 минг нафар фуқаро расмий иш билан таъминланган, 354 минг 828 нафар аҳолининг даромадини оширишга кўмаклашилган. Шунингдек, аҳолига ер ажратиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни муайян йўналишларга ихтисослаштириш ҳамда банклар билан ҳамкорликда бандликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда келгусидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Жумладан, ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар фаолиятини кенгайтириш, микросаноат марказларини ташкил этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, норасмий бандликни қисқартириш ҳамда субсидиялардан мақсадли фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП учун камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг барқарор даромад манбаларига эга бўлиши ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш муҳим ижтимоий-сиёсий вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бандлик дастурлари ижросини муҳокама қилиш, ажратилаётган маблағ ва субсидиялардан мақсадли фойдаланилишини жамоатчилик назорати орқали кузатиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Эшитув якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш, улар юзасидан амалий чоралар белгилаш ҳамда амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.