Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ташкил этилди.
Турнир ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, сиёсий жараёнлардаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини синовдан ўтказиш мақсадида ўтказилди. Иштирокчилар икки шарт бўйича ўзаро беллашди.
“Тезкор савол-жавоб” шартида жамоалар давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид саволларга тезкор ҳамда аниқ жавоб бериш орқали билим ва тез фикрлаш қобилиятини намойиш этди. “Мулоҳаза ва мантиқий таҳлил” шартида эса жамоа сардорлари ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган саволларни танлаб, ўз жамоалари билан биргаликда жавоб топиш бўйича беллашди.
Турнир якунларига кўра, “Лидерлар” жамоаси биринчи, “Магистрлар” жамоаси иккинчи, “Келажак ёшлари” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида партия сафига янги қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик позициясини ривожлантиришни муҳим вазифалардан бири деб билади. Бундай интеллектуал беллашувлар ёшларнинг давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид билимларини мустаҳкамлаш, ўз фикрини асослаб бериш ҳамда жамоада ишлаш кўникмаларини намоён этиши учун имконият яратади.