Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат харидлари тизими, ҳарбий хизматни ўташ тартиби, саноат хавфсизлиги, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда қонун лойиҳаларининг аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашдаги ўрни, шунингдек, уларнинг амалиётдаги самарадорлигига эътибор қаратилди. Фракция аъзолари ҳар бир ташаббусни Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил этишди.
Саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўйича қизғин баҳс-мунозаралар юзга келди. Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида хавфли ишлаб чиқариш объектларида содир бўлган 21 та авария ва 162 та бахтсиз ҳодиса оқибатида 67 нафар фуқаро вафот этган ва 116 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, 32,1 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.
Ташаббускорларга кўра, амалдаги жазо чоралари содир этилган ҳуқуқбузарликлар оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган зарар кўламига мутлақо номутаносибдир.
Шу сабабли хавфли ишлаб чиқариш ва потенциал хавфли объектларда авариялар ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, саноат хавфсизлиги талабларини бузиш ёки экспертиза хулосасисиз объектлардан фойдаланиш оқибатида фуқаролар соғлиғига зарар етказиш ёки одамлар ўлимига сабаб бўлувчи ҳолатлар учун қатъий жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, саноат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини сезиларли даражада ошириш, сохта экспертлик хулосаларига чек қўйиш, транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштиришнинг аниқ тартибини ишлаб чиқиш, энг муҳими, фуқаролар хавфсизлиги ва иқтисодий ҳимоясини янада кучайтириш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси муҳокамалари чоғида айрим аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлашди.
Хусусан, депутат З.Шадиева саноат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун белгиланаётган санкциялар қайси ҳолатларда ва қандай тартибда қўлланилиши масаласига қизиқди.
Фракция аъзоси Ф.Шарипов эса қонунга киритилаётган бу каби ўзгартириш ва қўшимчалар аҳамияти хусусида сўзлаб, уни ишлаб чиқишда мутасадди вазирлик-идоралар билан келишиш ҳамда қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш юзасидан амалий тавсиялар берди.
Ташаббускорлар саволларга изоҳ ва тушунтиришларини берди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси дастлабки тарзда қўллаб-қувватланди.
Жараёнда фракция аъзолари ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган яна бир ташаббусни кўриб чиқдилар.
Жумладан, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш ва уни кенг тарғиб қилиш, китобхонлик танловининг республика босқичида фахрли ўринларни қўлга киритган муддатли ҳарбий хизматчиларни муносиб рағбатлантириш ҳамда учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилар билан янги шартномани ўн беш йил муддатга тузиш тартиби белгиланаётган қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишди.
Йиғилишда депутатлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директорига соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар тўғрисида парламент сўрови юборилишини ҳам маъқуллашди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.