Қорақалпоғистон тараққиёти: инсон фаровонлиги ва умуммиллий ҳамжиҳатлик
Қорақалпоғистон тараққиёти: инсон фаровонлиги ва умуммиллий ҳамжиҳатлик

 

Қорақалпоғистон Республикаси кейинги йилларда ҳар томонлама ўзгариб, тобора янги қиёфа касб этмоқда. Бугун бу ерда амалга оширилаётган йирик иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар ҳудуднинг бугунги тараққиётини кўрсатибгина қолмай, унинг яқин истиқболи ҳам кенг имкониятларга эга эканидан дарак бермоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришларни рақамлар, инвестициялар ёки янги иншоотларнинг ўзи билан баҳолаб бўлмайди. Уларнинг самараси, аввало, қорақалпоғистонликларнинг ҳаётида, янги иш ўринларида, оилалар даромадида, турмуш шароити ва эртанги кунга ишончнинг ортишида кўринади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида старт берилган йирик лойиҳалар, Нукус шаҳрида ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ҳам ана шу нуқтаи назардан муҳим. Йиғилишда ҳудудни ривожлантириш масаласи иқтисодий ўсиш билангина чекланмай, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, камбағалликни бартараф этиш, одамлар учун муносиб турмуш шароитини яратиш билан бирга қаралди.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистонда йўл ва энергетика инфратузилмасида ҳам катта янгиланишлар бўлди. А-380 магистралининг Қўнғиротдан ўтувчи 240 километри бетон қопламага ўтказилгани, яна 92 километрлик қисмида қурилиш бошлангани – бу оддий йўл қурилиши эмас. Йўл яхши бўлса, маҳсулот бозорга тезроқ етиб боради, тадбиркорнинг харажати камаяди, одамларнинг қатнови ва ишлаш имконияти кенгаяди. Янги 92 километрлик қисм ишга тушгач, транзит ҳажмининг 1,5 баробар ошиши ва юкларни етказиш вақти қисқариши ҳудуд иқтисодий фаоллигига ҳам ижобий таъсир қилади.

Энергетика соҳасидаги ишлар ҳам катта аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаватт янги қувват ишга туширилди, электр ишлаб чиқариш 4 баробар ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатга етди. Янги лойиҳалар эса давом этмоқда. Электр барқарор бўлса, корхона ишлайди, ишлаб чиқариш кенгаяди, янги лойиҳаларга йўл очилади. Шу маънода, барқарор энергия барқарор иқтисодиётга, барқарор иқтисодиёт эса доимий иш ўринларига замин яратади.

“Ресурсдан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни қамраб оладиган янги саноат ва инвестиция харитасининг яратилиши ҳам шу жиҳатдан муҳим. Ер, ер ости бойликлари, қуёш ва шамол энергияси, яйловлар каби имкониятлар хомашё ҳолича қолиб кетмасдан, тайёр маҳсулот ва даромад манбаига айланиши керак. Тўқимачилик ва чарм, электротехника, энергия тежамкор қурилиш материаллари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга қаратилган лойиҳаларнинг қадри ҳам шунда.

Қорақалпоғистонда 4,3 миллион гектар яйлов бор, шундан 2,5 миллион гектаридан аҳоли даромадларини ошириш ва чорвачиликни ривожлантириш учун ҳали етарлича фойдаланилмаётгани таъкидланди. Бу борада аниқ вазифалар белгиланди. Катта имкониятлардан самарали фойдаланилса, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ошади, чорвачилик кенгаяди, оилаларнинг даромади кўпаяди, маҳаллий иқтисодий ҳаёт янада жонланади.

Ҳудудда 1 миллиондан ортиқ ёшлар борлиги — Қорақалпоғистоннинг катта салоҳияти. Бир йилда 1 минг, кейинги икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳаларида юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси ҳам шу салоҳиятни ишга солишга қаратилган. Ёшлар замонавий касб эгалласа, яхши даромад топса, бу уларнинг ўзигагина эмас, оиласига ҳам иқтисодий имконият бўлади.

Қорақалпоғистондаги ўзгаришларнинг ижтимоий кўлами саноат ва инвестиция лойиҳалари билангина ўлчанмайди. Бўзатовда замонавий санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғуруқхона, Амударё ва Тўрткўлда амфитеатрлар, Нукусда гимнастика маркази ва Консерватория филиалининг ишга туширилиши ҳам одамлар ҳаёти учун яратилаётган шароитларнинг бир кўриниши. Яъни иқтисодиётдаги ўсиш одамларнинг соғлиги, дам олиши, таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун ҳам имконият яратиши керак.

Қисқаси, бугунги Қорақалпоғистонда иқтисодий тараққиёт билан ижтимоий тараққиёт ёнма-ён бормоқда. Келаси йил Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифасига ҳам фақат катта маблағ сифатида эмас, янги корхоналар, янги иш ўринлари ва аҳоли даромадларини ошириш имконияти сифатида қараш тўғри бўлади.

Қорақалпоғистоннинг бугунги тараққиёти бутун Ўзбекистоннинг умумий ҳаракати билан узвий боғлиқ. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ҳам Қорақалпоғистонга инвестиция, технология, тажриба ва ҳамкорлик орқали ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бунинг иқтисодий самараси юқори бўлади, албатта. Лекин масаланинг одамлар учун қадрли яна бир томони бор: бир ҳудуддаги тараққиётга бошқа ҳудудлар ҳам елкадош бўлса, ўртамиздаги меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланади.

Халқ демократик партияси Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни инсон манфаати, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва ҳудудлар ўртасидаги мутаносиб тараққиёт нуқтаи назаридан муҳим, деб билади. Белгиланган вазифаларни амалга оширишда партиянинг барча фаоллари ва депутатлик корпуси билан муносиб ҳисса қўшишга интилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш