Халқ демократик партияси янги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди

 

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида иқтидорли ва фаол ёшларни рағбатлантириш, уларнинг инновацион ғоялари ҳамда лидерлик салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Истиқболли ёшлар форуми» юқори савияда ўтказилди.

Форум Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форум доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, «Ёшлар билан ишлашда замонавий ёндашувлар» мавзусида давра суҳбати, Ширин шаҳридаги Энергетика техникумида ёшларга яратилган имкониятлар ва иқтидорли талабалар томонидан тайёрланган инновацион лойиҳалар кўргазмаси, «Заковат» интеллектуал турнири, шахмат-шашка ва спорт мусобақалари ўтказилди.

Мулоқотлар давомида фаол ёшлар ва ташаббускор талабалар ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг янги ғоялари, таклифлари ва тенгдошларини қийнаётган муҳим масалалар бўйича атрофлича фикр билдирдилар. Ёшлар томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳалар масъуллар томонидан эътироф этилиб, уларни амалиётга жорий этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Халқ демократик партияси ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун астойдил интилади. Партия фаоллари ва депутатлари ёшлар учун ҳар томонлама тенг имкониятлар яратилиши жамият барқарорлигининг муҳим шарти эканини билдиришди.

Форумда замонавий касбларни эгаллаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалий лойиҳаларга айлантириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим ва бандлик имкониятларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган, билим ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган ёшлар муносиб рағбатлантирилди. Бу каби лойиҳаларни мунтазам ташкил этиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларга кенг жалб этиш Халқ демократик партиясининг устувор интилишларидан бири бўлиб қолади.

Форум байрамона дастур билан якунланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш