Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон ХДП Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан “Агротехнология кутубхонаси” бошланғич партия ташкилотида “35 йил — манзилли ижтимоий ҳимоя” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Нукус шаҳар кенгаши раиси Н. Кышанов, “Агротехнология кутубхонаси” бошланғич партия ташкилоти раиси М. Мамбетов, партия фаоллари, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида партиянинг 1991 йилда ташкил топганидан буён босиб ўтган 35 йиллик фаолият йўли, дастурий мақсад ва вазифалари, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги фаолияти ҳамда сайловлардаги иштироки ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, партиянинг ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги устувор йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда партиянинг бугунги фаолиятида ижтимоий ҳимояни кучайтириш, эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ва парламент назоратини янада кучайтириш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Шу мавзуларга оид тақдимот ҳам намойиш этилди.
Талаба ёшлар билан мулоқотда партиянинг тарихий тараққиёт босқичлари, замонавий сиёсий жараёнлардаги иштироки ҳамда ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.