Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда келтирилган факт-рақамлар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг муҳим натижаларини ҳам, олдимизда турган жиддий вазифаларни ҳам яққол кўрсатиб берди.
Йиғилишда жойлардаги айрим камчиликлар очиқ айтилди. Хусусан, камбағаллик ва ишсизликка масъул айрим ходимларда ташаббус етишмаслиги, масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчиш, муаммога фақат юқоридан берилган топшириқ доирасида ёндашиш каби ҳолатлар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Камбағалликнинг сабаблари ҳар доим ҳам бир хил эмас. Ишсизлик, касб ва малака етишмаслиги, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятининг чеклангани, таълим ва тиббий хизматларга етарлича имконият бўлмаслиги оиланинг иқтисодий аҳволига таъсир қилади. Мазкур омиллар ўз вақтида бартараф этилмаса, камбағалликнинг узоқ давом этиши оила имкониятларини чеклаб бориши мумкин.
Камбағаллик билан ишлашда янги тизимга ўтиш бўйича белгиланган вазифалар шу нуқтаи назардан ҳаётий муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиши, банклар ва бандликка кўмаклашиш идораларининг жараёнга бевосита жалб қилиниши, ҳокимларнинг ҳафтасига уч кунни камбағаллик ва бандлик масалаларига бағишлаши муаммони жойларда доимий эътиборда ушлаб туриш имконини беради.
Кредит тарихида кечикиши бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини алоҳида ўрганиб, уларни имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилаётгани эътиборга лойиқ. Молиявий қийинчиликка бир марта дуч келган инсонни иқтисодий фаолликдан четлатиб қўйиш эмас, балки унинг имконияти ва лойиҳасини баҳолаб, яна иш бошлашига кўмаклашиш тўғри ёндашувдир.
Шунингдек, ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланиши оила даромадини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий кафолатлардан бири бўлади.
Эҳтиёжманд оилалар учун «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет жорий қилиниши натижасида 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани ҳам эътиборли. Бу ерда асосий мақсад оилани ижтимоий ёрдамга доимий боғлаб қўйиш эмас, балки уни иқтисодий фаолликка қайтариш, барқарор даромад манбасини шакллантиришдан иборат бўлиши керак.
Келгуси йилдан ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғча тўловлари, ўқув марказлари, йўлкира ҳамда олий таълим муассасаларидаги ётоқхона харажатларини ваучер орқали қоплаш механизмининг жорий этилиши ҳам катта қадам бўлади.
Чунки камбағалликни қисқартириш фақат бугунги эҳтиёжни қоплаш билан чекланмайди. Боланинг таълими ва касбий ривожига сармоя киритиш орқали оиланинг келажакдаги имкониятларини кенгайтириш ҳам зарур. Оила ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам ваучердан фойдаланиш имконияти сақланиши эса ёрдамнинг натижадорлиги тамойилига мос келади.
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш йўналишларидаги долзарб вазифалар ижросига иштиёқ ва масъулият билан ёндашиш барчамизнинг бурчимиздир.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.