Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бирига айланди. Ҳароратнинг кўтарилиши, сув ресурсларининг камайиши, қурғоқчилик, чўлланиш, ҳавонинг ифлосланиши, экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши нафақат табиатга, балки иқтисодиёт, аҳоли саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, жумладан, 13-мақсад, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида бу борада эришилган натижа ва ютуқлар, келгуси вазифалар ҳақида фикр юритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда экология ва иқлим соҳасининг ҳуқуқий, институционал ва стратегик бошқарув тизими тўлиқ шакллантирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ва Иқлим ўзгариши миллий маркази ташкил этилди. 17 та вазирлик ва идорада экологик дипломатия бўлимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилди.
Халқаро иқлим молияси кенг жалб этилди. 2024-2026 йиллар мобайнида Иқлим ўзгаришига оид грант ва инвестиция маблағлари жалб қилиниб, 500 млн АҚШ долларидан зиёд истиқболли миллий ва минтақавий лойиҳалар портфели шакллантирилди. Миллий иқлим сиёсатининг стратегик асослари мустаҳкамланди. Жумладан, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги, ”Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва бошқа соҳага оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёнинг "Яшил тараққиёт" концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Самарқанд иқлим форуми минтақавий иқлим мулоқоти платформаси сифатида шакллантирилмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида зарур ҳуқуқий асослар яратилиб, халқаро мавқеи мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида БМТ томонидан қабул қилинган Иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими Ўзбекистон тарафидан ратификация қилиниб, атмосферага ташланмалар миқдорини (ЯИМ бирлигига нисбатан эмиссия интенсивлигини) 2035 йилга қадар 50 фоизга қисқартириш ҳамда 2055 йилда тўлиқ углерод нейтраллигига эришиш мақсад қилиб олинди.
Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича тезкор чораларни молиялаштириш масалалари давлат бюджетида назарда тутилган, мисол тариқасида 2025 йилда 946,0 млрд.сўм айнан 13-мақсад вазифаларининг ижросига йўналтирилган.
Мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларга эришиш, хусусан, иқлим ўзгаришларига мослашиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Жумладан, «Яшил макон» доирасида ҳар йили 200 млн тупдан ортиқ кўчат экиш амалиёти йўлга қўйилди. Оролнинг қуриган тубида 2 млн гектарга яқин ҳудудда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиш билан бирга, мамлакат бўйлаб 55 та янги "яшил боғ" ташкил этилди. 2025 йилнинг биринчи ярмида 130 минг гектар ўрмонлар барпо этилди ва тикланди. Республикада ўрмон фонди майдони 10,5 млн гектардан 11,9 млн гектарга етказилган. 46 та йирик саноат корхонасида атмосферага чиқиндиларни камайтириш бўйича экологик модернизация ишлари амалга оширилиб, «Тоза ҳаво» тадбири доирасида 250 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси экологик назоратдан ўтказилди ва натижада атмосферага 36,3 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Мамлакатимизда жорий йилда йирик қайта тикланувчи энергетика қувватлари 5,6 ГВтга етганлигини эътироф этса бўлади. 2030 йилга бориб электр ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, аҳолини барқарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб бориш ва нархлар барқарорлигига эришиш учун “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини жорий этиш ҳам муҳим.
Ютуқлар ўзимизники, лекин иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Иссиқхона газларини камайтириш, ишлаб чиқаришда ва транспортда экологик тоза технологияларни қўллаш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, она табиатимизни асраш бўйича ҳали олдинда анча ишларимиз кўп экан.
Халқ демократик партияси вакили сифатида алоҳида таъкидлаш лозимки, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар аҳолининг турмуш сифатига, соғлиғига, даромадларига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун иқлим ўзгаришларининг оқибатларини юмшатиш, аҳолини ҳимоя қилиш давлат идораларидан катта масъулият ва ҳисобдорлик талаб қилади.
Иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унга мослашиш — бугуннинг вазифаси, аммо унинг натижаси келажак авлодлар ҳаётида намоён бўлади. Шу боис “Иқлимга мослашиш – бу келажакка инвестициядир”, деган ғоя ҳар биримиз учун амалий ҳаракатга айланиши лозим.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.