Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсиздир
Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсиздир

 

Сўнгги кунларда ҳудудларда айрим маҳаллий ҳокимликлар, масъул ташкилотлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари томонидан фуқароларнинг уй-жойларини ободонлаштириш юзасидан хонадонларга кириб, турли талаблар қўйилаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ҳамда уй-жой дахлсизлиги каби конституциявий ҳуқуқларига рахна солинаётгани, қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга “Уятли хонадон”, маҳаллаларга эса “Шармандали маҳалла” каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар юртдошларимизда эътирозларни келтириб чиқармоқда.

Халқ демократик партияси бундай хатти-ҳаракатлар Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга мос келмайди, деб ҳисоблайди ва қуйидагиларни маълум қилади.

Биринчидан, юрт ободлиги – Ватанни асраш, тоза тутиш ва ободонлаштириш демакдир. Албатта, хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш эзгу ташаббус, бу ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулиятидир. Бироқ, бу эзгу ташаббусни амалга ошириш шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонун ва инсон қадрига ҳурмат ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, маҳаллалар, қолаверса, хонадонлар ободлиги йўллар, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, муҳандислик коммуникациялари, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш каби вазифалар самарали бажарилиши билан боғлиқдир. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар қонуний мажбуриятини ўз вақтида ва сифатли бажариши зарур.

Ўз ҳудудида давлат ташкилотлари томонидан амалий ғамхўрлик ва реал ўзгаришларни кўрган юртдошларимизда хонадонлар ва атроф-муҳитни обод қилишга интилиш ўз-ўзидан кучайишига ишончимиз комил.

Учинчидан, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунларда назарда тутилмаган маъмурий чоралар қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат бошқаруви тамойилларига зиддир.

Тўртинчидан, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда ҳар бир мутасадди одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозим.

Халқ демократик партияси мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда шахснинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини камситиш каби ноқонуний усуллардан бутунлай воз кечиб, қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга чақиради.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш