Депутат мактабгача таълим ташкилотларидаги шароитларни ўрганди

 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати Нигора Эшметова Юнусобод туманидаги 424- ва 414-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида яратилган шароитлар, моддий-техник база ҳамда таълим жараёнини жойига чиқиб ўрганди.

Ўрганиш давомида муассасаларнинг бино-иншоотлари, гуруҳ хоналари, ошхона, болалар майдончалари, хавфсизлик талаблари ҳамда педагог кадрлар билан таъминланганлик ҳолати таҳлил қилинди.

424-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида моддий-техник ҳолат ва ошхона талаб даражасида экани қайд этилди. Шу билан бирга, болаларнинг очиқ ҳавода хавфсиз дам олиши учун мўлжалланган айвонларни замонавий талаблар асосида янгилаш зарурлиги аниқланди. Мазкур масала муассаса раҳбарияти ва ота-оналар томонидан ҳам кўтарилди.

Шунингдек, ушбу муассасада тарбиячилар етишмовчилиги муаммоси мавжудлиги, бунга соҳа ходимлари иш ҳақи миқдорининг пастлиги асосий омиллардан бири экани қайд этилди.

414-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида капитал таъмирлаш ишлари якунланиб, болалар учун зарур шароитлар яратилгани эътироф этилди. Бироқ муассасада бўш иш ўринлари кўплиги ҳамда кадрлар қўнимсизлиги таълим жараёнининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум қилинди.

Ўрганиш якунида депутат томонидан 424-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги айвонларни туманнинг манзилли дастурига киритиш, ҳар икки муассасада кадрлар етишмовчилигини бўш иш ўринлари ярмаркалари орқали малакали мутахассисларни жалб этиш ҳисобига бартараф этиш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Кўтарилган масалалар ижроси депутатлик назоратига олинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш