Кейинги йилларда бутун дунёда онкологик касалликлар билан оғриётган беморларнинг сони ортиб бормоқда. Илмий тадқиқотларда бунга ҳаёт тарзимизда канцероген моддаларнинг кенг тарқалиши, глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва ичимлик суви таркибида сунъий қўшимчаларнинг кўпайиши ҳамда турли зарарли одатлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Статистик рақамлар мазкур соҳада юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар ва тизимли ишларга қарамасдан шу турдаги касалликлар ва у билан оғриётган беморлар сони ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.
Мавжуд вазиятни аниқлаш, уни мутахассислар билан тахлил қилиш ҳамда биргаликда асосли таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари ҳамда масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ фаолияти фақат ҳисоботларга эмас, балки бевосита жойига чиқиб, тиббиёт муассасалари фаолиятини кўздан кечириш, масъул раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилиш ҳамда реал ҳолатни аниқлашга қаратилди.
Саволнома асосида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг ишлари икки йўналишда — маммографик скрининг ва “онко-назорат” хоналаридаги клиник кўриклар орқали амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда шаҳар бўйича маммографик скрининг орқали 11 688 нафар аёл қамраб олинган бўлса, “онко-назорат” хоналари орқали 120 171 нафар аёл клиник кўрикдан ўтказилган.
Ўрганишларда Тошкент шаҳрида скрининг жараёнида касаллик аниқланган беморлар билан ишлаш тизими нисбатан барқарор йўлга қўйилган, деган хулосага келинди. Сабаби бундай беморлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилиб, чуқурлаштирилган диагностика, морфологик тасдиқ, консилиум ва комплекс даволаш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бунда айниқса Халқ демократик партияси электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун бепул диагностика ва даволаниш имкониятлари тўлиқ яратилган.
Лекин тизим янгиланаётган, иш кўлами ортаётган ҳар бир соҳада бўлгани каби ушбу йўналишда ҳам камчиликлар кўзга ташланди. Масалан, деярли барча ҳудудларда кадрлар билан боғлиқ муаммо бор. Туман даражасида врач-онкологлар етишмовчилиги, айрим “онко-назорат” хоналарида тўлиқ штат билан ишламаслик ҳолатларига гувоҳ бўлинди.
Ўрганишлар шуни ҳам кўрсатдики, “онко-назорат” хоналари фаолияти ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айрим поликлиникаларда клиник кўриклар фаол ўтказилаётган бўлса, айрим жойларда тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлиги ва скрининг кўрсатгичлари бўйича билимлари етарли эмас.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамият ҳаётидаги ҳар бир ижтимоий масалага ўзининг сўл қанот ғояларига асосланган устувор дастурий мақсадларидан келиб чиққан қатъий позицияси эга.
Халқ демократик партияси жойлардаги манзилли ўрганишлардан келиб чиқиб, депутатлар ваколати доирасида жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боради.