Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида маҳаллаларда бўлиб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш орқали аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни манзилли бартараф этиш мақсадида “Бир маҳалла – бир ташаббус” акцияси ташкил этилди.
Партия фаоллари, депутатлар ва масъуллардан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилояти Паркент туманининг Шампань маҳалласида бўлишди. Маълум қилинишича, ҳудуддаги 18-сонли умумтаълим мактабига 2026-йилги режа асосида капитал таъмирлаш учун 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда қурилиш-таъмирлаш ишларига доир лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда.
Мактаб бир қаватли учта бинодан иборат. Режага кўра ҳар бинонинг ички қисмида ҳожатхона қуриш кўзда тутилган. Мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, ажратилган маблағ мактабни тўлиқ ва комплекс таъмирлаш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабдан, мактаб маъмурияти ҳамда маҳаллар фаоллари бинодан ташқарига битта ҳожатхона қуришни ва қолган маблағни муассасанинг оқова сув тизимини янгилаш, кутубхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлашга йўналтиришни таклиф қилишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, масъул идоралар билан ҳамкорликда таклифни амалга ошириш чораларини кўришини маълум қилди.
Очиқ мулоқотлар “Обод қишлоқ” дастурига кирган “Қизилсой” маҳалласида давом эттирилди. Суҳбатлар чоғида маҳалла аҳолиси ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури доирасида бир қатор катта ишлар қилингани таъкидланди. Лекин шу билан бирга баъзи ишлар охирига етказилмай қолгани айтилди.
Жумладан, ҳудуддаги ички йўлларни асфальтлаштириш ҳамда айрим электр симёғочларини янгисига алмаштириш ишлари тугалланмаган. Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиши белгиланди.
Маҳалла фаолларининг маълум қилишича, маҳаллада бугунги кунда умумтаълим мактабига эҳтиёж бор. Сабаби маҳаллада 2600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Болалар қўшни маҳаллага мактабга қатнайди. Айрим болалар 5 км масофа босиб мактабга боришади. Депутатларимиз бу масалада ҳам масъул идоралар билан боғланиб, ҳудудда янги мактаб биноси қуриш масаласини ижобий ҳал этишга бел боғлашди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Невич маҳалласидаги фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Маҳалла фаолларининг таклифи билан ҳудудда ташаббусли бюджет асосида амалга оширилган лойиҳалар ўрганилди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги амалга оширилган ички кўчаларни асфальтлаштириш ишларининг сифати, белгиланган меъёрларга мувофиқлиги ва якуний ҳолати депутатлар ҳамда масъул ташкилотлар томонидан кўздан кечирилди. Ўрганишлар натижасида асфальтнинг сифати белгиланган стандартларга жавоб бермаслиги аниқланди. Депутатлар асфальтлаш ишларини амалга оширган ташкилот билан боғланиб камчиликларни бартараф этиш вазифасини юклади.
Шу билан бирга, ҳудуддаги 20-сонли умумтаълим мактабининг ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Ўрганишлар давомида мактабда ўқувчилар сонининг кўплиги сабабли таълим жараёни икки сменада ташкил этилаётгани, қўшимча ўқув биносига эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди. Бундан ташқари мактабнинг спорт майдончасини сифатли таъмирлаш ва замонавий талаблар асосида қайта жиҳозлаш масалалари ҳам кўтарилди.
Мазкур масалалар ҳам туман ҳокимияти ҳамда сиёсий партиялар депутатлари томонидан назоратга олиниб, уларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан олиб борилаётган ушбу ўрганишлар аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим муассасалари ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда уларнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган.