Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатлари нуқтаи назаридан изчил таҳлил қилиб бормоқда.
Дастлаб муҳокама қилинган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Лойиҳага кўра, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида солиқ қарздорлиги тушунчаси аниқлаштирилмоқда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб тўлашни амалга ошириш тартиби ва шартлари белгиланмоқда.
Зокиржон Зоҳидовга кўра, ваколатли идоралардан ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнларида очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойилларини таъминлаш, фуқаролар учун ортиқча тўсиқларни бартараф этиш муҳим. Чунки уй-жойга бўлган ҳуқуқ имтиёз эмас, балки Конституция билан кафолатланган асосий ҳуқуқдир.
Депутат И.Наризовага кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ҳанузгача фуқаролар учун оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Амалдаги тартиб-таомиллар мураккаблиги, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларининг чўзилиши ҳамда турли идоралар ўртасидаги англашилмовчиликлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилмоқда.
Навбатдаги муҳокама қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокамаларга сабаб бўлди. Лойиҳага кўра, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми давлат ҳисобидан кўрсатилиши ҳамда малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқни таъминлаш назарда тутилмоқда.
Депутат Қ.Қосимованинг таъкидлашича, аҳоли учун кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми қонун даражасида белгиланган бўлса-да, амалда улардан фойдаланиш имкониятлари барча ҳудудларда бир хил эмас. Айниқса, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар сифатининг пастлиги, мутахассислар етишмаслиги ҳамда қўшимча тўловлар билан боғлиқ муаммолар аҳолининг қонуний ҳуқуқларини чекламоқда.
Шунингдек, М.Ўразалиевнинг фикрича, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини тартибга солишга қаратилган ўзгартиришлар уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат шароитлари ва муносиб иш ҳақи масалалари билан узвий боғлиқ ҳолда ҳал этилиши лозим. Акс ҳолда, тизимни ислоҳ қилиш номи билан қўшимча мажбуриятлар юкланиб, соҳада кадрлар оқими кучайиши хавфи сақланиб қолади.