Сирдарёда камбағаллик ва бандлик масалалари муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимоянинг тизимли бўлиши камбағал, кам даромадли ва эҳтиёжманд оилаларни барқарор даромадга эришишида асосий пойдевор вазифасини ўтайди, деб ҳисоблайди. Шу сабабдан партия ижтимоий ҳимоя тизимининг изчил ва манзилли бўлиши учун курашади.

Партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши томонидан “Ижтимоий ҳимоядан барқарор даромад сари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, олдинда турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, шу йил 1 ноябрига қадар “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 18 025 та оиланинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, улардан 8 007 таси даромади камбағаллик чегарасидан юқори бўлгани учун реестрдан чиқарилди. Ҳозирда реестр 10 018 та оила бор ва вилоятда камбағаллик даражаси 4,4 фоизни ташкил этмоқда. Реестрдаги оилаларнинг 2 107 таси қизил, 7 911 таси сариқ тоифага киради.

Инсон ижтимоий хизматлар маркази ҳамда ижтимоий ходимларга фуқаролардан 143 432 та аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 106 709 тасига белгиланган муддатларда хизмат ва ёрдамлар кўрсатилган.

Сирдарё вилоятида “Камбағал оилалар реестри”да турган 10 мингдан кўпроқ оилага ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Афсуски, шу оилалардан 372 таси боқувчисини йўқотган, 323 тасида оила аъзоси жазони ижро этиш муассасасида қолаётган бўлса, оила аъзоси психиатрия диспансерида бўлган оила 696 тани ташкил этаётган экан. Албатта, бундай рақамлар ҳаммани ўйга толдиради, асосийси, масъул вазирлик-идоралар, маҳаллий ижро ҳокимиятидан, депутатлардан ҳам катта масъулият талаб қилади.

Муаммолар билан юзма-юз қолаётган оилалар учун алоҳида-алоҳида ёндашув кераклиги, бунда боқувчисини йўқотган оилага бир-икки марталик ёрдамдан кўра, шу оиладаги меҳнатга қобилиятли бирон аъзони, фарзандини касб-ҳунарли қилиш оиланинг ҳаётини тубдан ўзгартириши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Вилоятда “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга кўрсатилган хизматларда бандлик ва даромадни ошириш, доимий ишга жойлаштириш ва таълим йўналишидагилар қарийб 30 мингтани, яъни салмоқли қисмни ташкил этмоқда. Бу кам даромадли оилалар ҳаракатга келаётгани, давлатга ҳам, ўзига нисбатан ҳам талабчанлиги ошаётганини билдиради. Бу камбағалликни қисқартириш учун энг муҳим омил.

Одамлар ишлашга, турмушига ўзгартиришга интилаётган экан, давлат ташкилотлари, ҳокимликлар, ҳудудлардаги вазирликлар мутасаддилари талабга лойиқ ишлаши зарур. Афсуски, партия депутатлик гуруҳлари камбағаллик билан боғлиқ дастурлар ижросини, кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамлар ҳолатини ўрганганда, юзаки, масъулиятсиз ёндашилган ҳолатларга ҳам дуч келаётгани айтилиб, бефарқлик ҳолатларига нисбатан муросасиз бўлиш кераклиги таъкидланди.

Шунинг учун Халқ демократик партияси депутатлик корпуси Сирдарё вилоятида камбағаллик ва бандлик масаласида манзилли, қатъий депутатлик назоратини ўрнатиши, ижтимоий ҳимояга тизимли ёндашувни қўллаб-қувватлаши маълум қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш