Халқ демократик партияси сўл қанот партия сифатида ижтимоий соҳага йўналтирилган ислоҳотларнинг самарали, хизматларнинг сифатли ва манзилли бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Шу сабабдан партия “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб бориш керак, деб ҳисоблайди.
Партия ташаббуси билан Жиззах шаҳрида депутатлар, фаоллари, мутасадди ташкилотлар ва масъуллар иштирокида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”: тизимни такомиллаштириш масалалари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида атрофлича фикр алмашилди.
Аввало, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича реестр тизимига ўтилгани, шунингдек, камбағалликни қисқартириш борасида кўрилаётган чоралар қандай натижалар бераётгани рақамлар асосида таҳлил қилинди.
Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида 2024 йил ноябрь ойида нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 44 010 тани, бир ойлик маблағ миқдори эса 22,7 млрд. сўмни ташкил этган.
Жорий йил ноябрь ойига келиб эса ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 34 659 тани ҳамда бюджетдан ажратиладиган бир ойлик маблағ миқдори 19,5 млрд. сўмни ташкил қилмоқда.
Статистик рақамларда кўриниб турибдики, реестрга киритилган оилалар билан манзилли ишлаш, мониторинг қилиш, уларнинг реал даромадини ошириш ҳамда доимий бандлигини таъминлаш орқали вилоятда икки йилда 8 мингдан ортиқ оиланинг ҳаёт сифати яхшиланган.
Бугунги кунда вилоятда 45 355 нафар ногиронлиги бўлган шахслар бор. Уларнинг сони йил бошига нисбатан деярли 1,5 минг нафарга ошган. Касалланиш даражасининг ортиб бориши, патронаж хизматининг қониқарсизлиги, скрининг марказларида доимий текширувдан ўтказилмаслик, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар туфайли нуқсонли болаларнинг туғилиши каби муаммолар ногиронлик ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Мана шу ҳолатдан камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш молиявий, касбий қўллаб-қувватлашдан ташқари, тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш масалаларига ҳам чамбарчас боғлиқ экани кўринмоқда. Масалан, эътиборсизлик ёки масъулиятсизлик сабабли нуқсонли туғилган бир нафар болага йиллар давомида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатишга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун қатъий тарғиботни, сифатли хизматни ҳар бир ҳудудда талаб даражасида йўлга қўйиш муҳимдир.
Вилоятда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилгани қайд этилди. Жумладан, 2025 йил якунига қадар 3057 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш режалаштирилган бўлса, ҳозирда деярли 7 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар ўз интилишлари ортидан ишга жойлашган.
Давра суҳбатида тизимдаги муаммо ва камчиликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Масалан, ҳукумат томонидан ҳокимликларга ижтимоий ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, жойларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида ижтимоий ходимлар учун алоҳида хона ажратилиши ҳамда уларга ишлаш учун зарур шароитлар яратиш чораларини кўриш вазифаси топширилган. Лекин вилоятда мазкур топшириқ ижроси билан боғлиқ камчиликлар етарлича.
Хусусан, бугунги кунда вилоятнинг 304 та маҳалласида 290 та ижтимоий ходим фаолият олиб бораётгани, улардан 162 нафар ижтимоий ходимлар компьютер жамланмалари билан таъминланган, қолган 128 нафар ходимларда компьютер йўқ. Ҳозир ҳамма маълумот ва хизмат рақамлашаётган шароитда иш жараёнини хизмат компьютерисиз тасаввур қилиш қийин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ни юритишда муайян қийинчиликлар ҳам юзага келади. Шунинг учун мазкур масалани қисқа муддатда ҳал этиш муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.
Давра суҳбатида натижалар эътироф этилди, муаммо ва камчиликлар очиқ-ойдин айтилиб, уларни ҳал қилиш бўйича таклиф-тавсиялар билдирилди.