Депутатларимиз ҳудудларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказмоқда

 

Ҳаммага маълумки, ҳар ойнинг сўнги ҳафтасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар, ижтимоий соҳа объектларида ўрганишлар ўтказади. Фракциясимиз аъзолари И.Турсунов ва О.Иминов партиямиз ҳудудий масъуллари билан биргаликда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 171 умумтаълим мактабида бўлишди.

Ўрганишларда аниқланишича, мактабда рус тили, математика, физика, химия, биология фанларидан ўқитувчи етишмайди. Шунингдек, ойлик маош пастлиги учун фаррошлар ҳам етарли эмас.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш борасида мактаб жамоасидан ҳам таклифлар олинди. Мактаб жамоасининг айтишича, бугунги кунда мактабнинг сиғими мавжуд ўқувчиларни тўлиқ қамраб ололмаяпти. Шунинг учун қўшимча бино қуриб, синфхоналар сонини кўпайтириш эвазига қамровни ошириш мумкинлигини билдиришди. Асосийси, қўшимча бино қуриш учун мактаб ҳудудида етарлича ер мавжуд.

Депутатларимиз аниқланган муаммо ва уларнинг ечими учун билдирилган таклифларни шакллантириб, мутасадди идоралар билан боғланиб, ижобий ечим топишга қарор қилишди.

Фракциямизнинг бошқа аъзолари Ж.Очилов ва А.Нурматов Тошкент вилоятида бўлиб, Қибрай туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва марказ ходимлари томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг сифати ўрганилди.

Маълум бўлишича, марказ томонидан ижтимоий нафақалар, компенсациялар, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш каби ёрдамлар ўз вақтида кўрсатилиб келинмоқда.

Депутатларимиз шунингдек, аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказиб, меҳнат фаолиятини кенгайтириш истагидаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан тавсиялар берди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш