Ромитанда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда

 

Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш масалалари ҳудудларда олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган ишларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада, айниқса, «Ижтимоий реестр»га киритилган оилалар, ишсиз фуқаролар ҳамда хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ҳам ушбу йўналишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Яқинда вилоят ҳокими Ботир Зарипов раҳбарлигида ўтказилган муҳокама йиғилишида туманда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди.

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати Ҳ. Артикова Ромитан туманидаги «Ромитекс» корхонасида бўлиб, аҳоли, хусусан, хотин-қизларни бандлигини таъминлаш имкониятларини ўрганди.

Ўрганишлар натижасида Ромитан туманидан бўлган 45 нафар хотин-қиз корхонада доимий иш ўрнига эга бўлди. Айни пайтда корхонада жами 500 нафар ишчига эҳтиёж мавжудлиги қайд этилиб, Ромитан туманига чегарадош Пешку, Жондор ва Бухоро туманларида истиқомат қилувчи ишсиз хотин-қизларни ҳам ишга жалб этиш бўйича келишувларга эришилди. Уларнинг иш жойига қатновини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Мазкур ишлар аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш орқали фуқаролар, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадларини оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун аҳолининг муносиб меҳнат қилиши, барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим йўналишлардан биридир. Шу нуқтаи назардан, депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти аҳоли манфаатларини ўрганиш ва мавжуд имкониятларни уларнинг бандлигини таъминлашга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Камбағалликни қисқартиришда доимий иш ва барқарор даромад манбаларини яратиш муҳим омиллардан бири бўлиб, Ромитанда олиб борилаётган ишлар ҳам шу мақсадга қаратилган.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш